«Дўстларимда ҳам худди мендаги каби вазият. Орамизда барчанинг намойишлар вақтида ўлдирилган танишлари бор», – дея ҳикоя қилади Теҳронда яшовчи 29 ёшли аёл январ ойи бошидаги намойишлар қандай бостирилгани ҳақида гапираркан.

Париса бундан олдин ҳеч қачон намойиш иштирокчиларига бу қадар шафқатсизларча муносабат кўрсатилганига гувоҳ бўлмаганини айтади: «Бундан олдинги кенг кўламли намойишлар вақтида танишларим орасида бирор киши ҳалок бўлмаганди».

Париса 28 декабр куни бошланган намойишлар даврида ўлдирилганлардан камида 13 нафари билан шахсан таниш бўлган.

Аввалига Теҳронда бошланиб, кейин бутун мамлакатга ёйилган намойишларга мамлакатдаги иқтисодий вазият сабаб бўлганди. Кейинроқ стихияли митинглар ҳукуматга қарши тартибсизликларга айланиб, бутун Ислом республикаси тарихидаги энг қонли воқеалардан бири рўй берди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, тасдиқланган ўлим ҳолатлари сони 6 мингдан ошади.

Мамлакатда интернет деярли тўлиқ ўчирилганига қарамай, бир неча ёш эронликлар BBC билан боғланишга муваффақ бўлган ва ўз бошдан кечирганларини айтиб беришган. Уларнинг исмлари хавфсизлик нуқтайи назаридан ўзгартирилган.

Парисанинг сўзларига кўра, унинг танишларидан бири – Теҳронда яшаган 26 ёшли аёл – 8-9 январ кунлари ҳукумат намойишчиларга қарши ўлимга олиб келувчи воситаларни қўллашни бошлаганида «кўчада ўқлар ёмғири остида қолиб» ҳалок бўлган.

Унинг ўзи ўша кунларда Теҳрон шимолидаги тинч руҳдаги акцияда иштирок этаётганди.

«Намойишчилардан ҳеч ким зўравонлик ишлатмаган ва ҳеч ким хавфсизлик кучларига қаршилик қилишга уринмаганди. Аммо жума куни [9 январ] кечқурун улар барибир одамларни ўққа тутишди», – дея ҳикоя қилади у.

«Тўқнашувлар бўлиб ўтган кўчаларда ва кварталларда порох ҳиди ўтириб қолганди», – дея эслайди у.

Амалда қанча киши қурбон бўлгани аниқ эмас

Теҳронда яшовчи 24 ёшли Меҳди ҳам намойишлар ва уларни бостириш кўламини худди Париса каби баҳолайди.

«Мен ҳеч қачон норозилик ҳаракатида бунчалик кўп одам иштирок этганини ва шу билан бирга хавфсизлик кучлари томонидан бунчалик кўп қотиллик ва зўравонлик ҳолатларига гувоҳ бўлмаганман», – дейди у.