Англия: Кэррикда яна ғалаба

«Манчестер Юнайтед» – «Фулҳэм» 3:2
Голлар: Каземиро, 19 (1:0). Куня, 56 (2:0). Хименес, 85 – пеналти (2:1). Шешко, 90 (3:1). Кевин, 90 (3:2)
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, Магуайр, Мартинес, Шоу, Далот (Мазравий, 86), Каземиро (Угарте, 75), Майну, Бруну Фернандеш, Куня (Шешко, 74), Диалло, Мбемо (Йоро, 90)
«Фулҳэм»: Лено, Андерсен, Куэнка (Басси, 86), Робинсон (Сессенон, 71), Кастан, Берге, Ивоби, Смит-Роу (Кевин, 71), Чуквуэзе (Кэрни, 79), Уилсон, Хименес
Огоҳлантиришлар: Каземиро, 64. Магуайр, 83 – Андерсен, 42

Майкл Кэррик «МЮ»даги фаолиятини топ-рақибларга қарши ўйинлардаги ғалабалар билан бошлаганди, аммо жамоа олдинги бош мураббий даврида ўртамиёна рақибларга қарши қийналаётганди. «Фулҳэм» эса еврокубоклар учун курашаётган шундай жамоалар сирасига киради. Ўйин арафасида манкунианликлар ваа «дачачилар» турнир жадвалида ёнма-ён жойлашган, орадаги фарқ тўрт очкони ташкил этаётганди.

Амалда ҳам лондонликлар жиддий қаршилик кўрсатди ва «Юнайтед» рақиб мудофаасини фақат стандарт ёрдамида бузиб ўта олди. Аввалига арбитр пеналти белгилаганди, аммо VAR бу вазиятда меҳмонлар ҳимоячиси Матеус Кунянинг футболкасидан тортишни жарима майдони ташқарисида бошлаганини кўрсатди. Аммо бу қарор «Фулҳэм»ни муқаррар голдан асрай олмади ва Бруну Фернандешнинг узатмасидан кейин Каземиро барчадан баланд сакраб, бошда дарвозани ишғол этди. Иккинчи бўлим бошида эса бразилиялик яримҳимоячи Кунянинг голига ҳаммуаллифлик қилди.

Бу эпизодда голдан кўра унинг узатмаси – no look assist муҳокамалар марказида бўлди.

Шундан кейин мезбонлар хотиржамликка берилди ва рақиб бунинг учун жазолади. Аввалига Куэнканинг голи кичик офсайд туфайли бекор қилинди. Бу вазиятда уни ўтказиб юборган Магуайр кейинги эпизодда хатосини тузатиб, Хименесга гол уришга имкон бермади. Аммо у кейинроқ барибир навбатдаги хатога йўл қўйди ва мексикалик ҳужумчини жарима майдони ичида йиқитди, белгиланган пеналтини эса жабрланувчининг ўзи аниқ ижро этди.

Ҳакам ўйинга тўққиз дақиқа қўшиб берди ва бу дақиқаларда ақл бовар қилмас ишлар бўлиб кетди. Аввалига Кевин «тўққизлик»ни аниқ нишонга олиб, стадионда йиғилган мухлисларни карахт аҳволга солди – 2:2.