Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Бензинга нақд пулда тўлов тўхтатилади

1 апрелдан бошлаб бир қатор тўловлар фақат нақдсиз шаклда қабул қилинади, бу президент фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида нефт-газ маҳсулотларини сотиш ва электромобиллар учун зарядлаш бўйича хизматлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.

Фармон республикада нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган.

Шунингдек, нақд пулга уй-жой, автомобил олди-сотдиси ҳам бекор қилинмоқда.

Тошкентдаги Aviator савдо марказида юз берган йирик ёнғин бўйича жиноий иш очилди

Иш Жиноят кодексининг 19211-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан очилди.

Яшнобод тумани Паркент йўли кўчасида жойлашган ушбу савдо мажмуасида ёнғин 31 январ куни соат 15:30 дан кейин иккинчи қаватда содир бўлган. У ерда Pixel болалар майдончаси, шунингдек, бир нечта овқатланиш муассасаси жойлашган. Биринчи қаватдаги Korzinka супермаркети зарар кўрмаган.

Ҳодисадан сўнг вайроналар остидан 2 ёш-у 7 ойлик қизнинг жасади топилган.

Олий ҳарбий таълим муассасаларига ҳужжат қабул қилиш бошланди

1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тизимидаги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган номзодлардан аризалар қабул қилиш бошланди.