АҚШ президенти Доналд Трамп стратегик ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича янги шартнома ишлаб чиқиш тарафдори эканини пайшанба, 5 феврал куни — Стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш чоралари тўғрисидаги шартнома (СҲМ-3, New START)нинг амал қилиш муддати тугаган кунда билдирди. Бу АҚШ ва Россия ўртасида ядровий арсеналларни чеклашга оид сўнгги келишув эди.
“New START шартномасини узайтириш (АҚШ учун ёмон келишув бўлиб, у, қолаверса, қўпол тарзда бузилди) ўрнига, биз ядровий масалалар бўйича экспертларимизга узоқ муддат ишлай оладиган янги, яхшиланган ва модернизация қилинган шартномани ишлаб чиқишни топширишимиз керак”, — деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида. Республикачи, шунингдек, “бутун дунё бўйлаб, жумладан Россия ва Украина ўртасида ҳам ядровий урушларнинг олдини олгани”ни таъкидлади.
У бундан аввал янги ядровий арсеналларни чеклаш келишувида Хитой ҳам иштирок этишини исташини бир неча бор айтган эди.
СҲҚ-3 бузилиши ҳақида гапирар экан, Трамп, эҳтимол, 2023 йилдаги вазиятни назарда тутган: АҚШ баёнотига кўра, Россия шартнома доирасида режали текширув учун келган америкалик инспекторлар делегациясини ўз ядровий объектларига киритмаган. Коронавирус пандемияси даврида ўзаро инспекциялар ўтказилмаган эди.
2025 йил кузида Россия президенти Владимир Путин РФ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Кремл СҲҚ-3 муддати тугаганидан кейин ҳам уни яна бир йил давомида бажаришга тайёр эканини айтган. Аммо фақат АҚШ ҳам худди шундай мажбуриятларни ўз зиммасига олиши лозим. Ўшанда Россия президенти ядровий қурол устидан назоратдан “тўлиқ воз кечиш”ни “хатоли ва қисқа фикрли қадам” деб атаган.
2026 йил 5 феврал куни Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт янги ядровий арсеналларни чеклаш битими имзолангунига қадар амал қиладиган қандайдир “ўтиш (муваққат) шартномаси” мавжуд эмаслигини билдирди. Ўз навбатида, Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков, агар Вашингтонда “қандайдир конструктив жавоблар” бўлса (Владимир Путиннинг СҲҚ-3нинг асосий қоидаларини яна бир йил сақлаб қолиш таклифига — таҳр.), Москва мулоқотга тайёр эканини билдирди.
2026 йил 5 феврал куни ўн йилдан ортиқ вақт давомида дунёдаги энг йирик ядровий арсеналлар устидан назоратни таъминлаб келган Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш шартномасининг амал қилиш муддати тугади. Шартнома аниқ лимитлар белгиларди: жойлаштирилган (ҳаракатдаги) ташувчилар — 700 тагача, умумий мавжуд ташувчилар — 800 тагача, стратегик ядровий каллаклар — 1550 тагача. Бу лимитларга ҚБР (қитъалараро баллистик ракеталар), сувости кемаларидан учириладиган баллистик ракеталар, оғир бомбардимончилардаги каллаклар, ҳатто янги тизимлар ҳам кирарди.
















