Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Алексеевни отишда гумонланаётган шахс Дубайда қўлга олинди
БАА ҳукумати ушбу россияликни Москвага топширган. Россия терговчилари эса юқори мартабали генералга суиқасдни Украина махсус хизматлари билан боғламоқда.
Григорий Сысоев / Спутник / РИА Новости / IMAGO / SNA / Scanpix / LETA
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида РФ қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси (собиқ бош разведка бошқармаси, ГРУ) бошлиғи биринчи ўринбосари Владимир Алексеевга суиқасд уюштиришда гумонланаётган шахс қўлга олинган. Бу ҳақда «Интерфакс» Россия федерал хавфсизлик хизматига асосланиб хабар тарқатди.
Махсус хизматларга кўра, қўлга олинган шахс – Россия фуқароси, 66 ёшли Любомир Корбадир. ФХХ уни суиқасднинг тўғридан тўғри ижрочиси деб атаган. БАА ҳуқуқ-тартибот органлари уни Россияга топширган.
Бундан ташқари, Алексеевга суиқасд иши бўйича Москвада РФ фуқароси Виктор Васин (1959 йилда туғилган) қўлга олинган. Шунингдек, Зинаида Серебрицкая (1971 йилда туғилган) ушбу ишга алоқадорликда гумонланмоқда, ФХХга кўра, у Украинага кетишга улгурган. Махсус хизматлар ушбу шахсларни жиноятчининг шериклари деб атаган.
Тергов қўмитаси хабарига кўра, Любомир Корба 1960 йилда Тернопил областида (ҳозирда Украина таркибида) туғилган. Тергов версиясига кўра, у Украина махсус хизматларининг теракт амалга ошириш бўйича топшириғи асосида 2025 йил декабрида Москвага келган. Унинг шериги экани айтилаётган Виктор Васинга нисбатан қурол-яроғнинг ноқонуний муомаласи ва ҳарбий хизматчининг ҳаётига тажовуз қилиш моддалари бўйича айблов эълон қилинган.
РФ мудофаа вазирлиги генерал-лейтенанти Владимир Алексеевга нисбатан суиқасд 6 феврал тонгида амалга оширилганди. Генерал Москванинг Волоколамское шоссесидаги уйи олдида ҳужумга учраган.
Евгений Лисицин / Telegram
«Коммерсант» нашрининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига кўра, суиқасд эрталабки соат еттилар атрофида содир этилган. Генерал квартирасидан чиққанида уни кўчада хизмат машинаси кутаётганди. Подъезд олдидаги майдончада у «уйга овқат етказиб бериш хизмати ходими сифатида кириб олган шахс билан тўқнашган». У генералнинг қўли ва оёғидан яралаган, Алексеев унинг тўппончасини олиб қўйишга ҳаракат қилганида, кўкрагига ҳам ўқ узилган.
Нашр манбалари «ҳарбий мулозимнинг фаол қаршилиги киллерга ишни охирига етказишга имкон бермаган».
Шундан кейин Алексеев охир аҳволда шифохонага ётқизилганди. 7 феврал куни генерал жарроҳлик амалиётидан кейин ўзига келгани хабар қилинди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Алексеевга уюштирилган суиқасд «Зеленский режимининг музокаралар жараёнини бузишга қаратилган доимий провокацияларга интилишини тасдиқлаши» ҳақида гапирди. Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Киевнинг суиқасдга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни рад этди.
Мавзуга оид
14:27 / 06.02.2026
Москвада яна бир генералга суиқасд уюштирилди
15:14 / 05.01.2026
Бектемирда кўприкдан сакрамоқчи бўлган фуқаро қутқариб қолинди
20:18 / 08.11.2025
Сурхондарёда ишдан олинган мактаб директори ўзини ёқмоқчи бўлди
15:04 / 17.10.2025