«Сити» «Арсенал» билан 6 очколик фарқни тиклади
«Ливерпул» – «Манчестер Сити» 1:2
Голлар: Собослаи, 74 (1:0). Бернарду Силва, 84 (1:1). Ҳоланд, 90+3 – пеналти (1:2)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате, Керкез (Киеза, 90+4), Собослаи, Макаллистер, Гравенберҳ, Вирц, Гакпо (Жонс, 85), Салоҳ, Экитике
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Гейи, Ҳусанов (Рубен Диаш, 61), Айт Нури, Матеус Нунес, Родри, О`Райли, Бернарду Силва, Мармуш (Шерки, 61), Семенё (Аке, 90+6), Ҳоланд
Огоҳлантиришлар: ван Дейк, 47. Алиссон, 90 – Мармуш, 42. Гейи, 69. Ҳоланд, 90. Бернарду Силва, 90
Четлатиш: Собослаи, 90
«Ливерпул» ва «Манчестер Сити» учрашуви сўнгги ўн йилликда инглиз класикосига айланиб қолди. Булар – кучли таркибларга эга, юлдуз мураббийлар ишлайдиган ҳамда бутун ер юзи бўйлаб миллионлаб мухлислардан иборат армияга эга бўлган икки суперклубдир. Аммо жорий мавсумда икки жамоада ҳам пасайиш юзага келди.
Мерсисайдликлар ўтган мавсумни аъло даражада ўтказиб, чемпионликни қўлга киритганди, аммо ёзда кенг кўламли қайта қуришга қўл урилди ва жамоа ўз ўйин услубини йўқотди. Ёзги трансферларда ажойиб ижрочилар жамоага олиб келинди, аммо бу таркиб ҳали ўз ўйинини топиб ололмаяпти. Бу эса беқарор натижаларга сабаб бўлмоқда. Жамоа 23-турда «Борнмут»га ютқазганди, кейин эса ЕЧЛда «Қорабоғ» (6:0), АПЛда «Нюкасл» (4:1) йирик ҳисобларда мағлуб этилди.
«Сити»да натижалар бўйича нисбатан яхшироқ вазият – жамоа ЕЧЛнинг сўнгги турида кучли саккизликка илиниб қолди, АПЛда эса анчадан буён иккинчи ўринни ҳеч кимга бермади. Аммо «шаҳарликлар» ўйинини ҳам «Ливерпул»никига қараганда барқарорроқ деб бўлмайди: «Энфилд»даги ўйингача Пеп Гвардиола шогирдлари чемпионатнинг сўнгги олти турида атиги бир ғалабага эришганди.
Арне Слот жамоасининг мавсумдаги энг муҳим ўйинларидан бирига ўз ихтиёридаги энг кучли таркибни туширди, Гвардиола эса ўзи учун ноодатий бўлган 4-4-2 схемасини танлаб, бир вақтнинг ўзида Эрлинг Ҳоланд ва Омар Мармушга бошланғич таркибдан жой топиб берди. Натижада Фоден, Шерки ва Рейндерс захира ўриндиғида қолдирилди.
Аммо «Сити»нинг бу схемаси амалда классик 4-4-2 кўринишида эмас, балки «ромб»ни ифода этарди. Унда Родри таянч зонасида қолди, О'Райли, Семенё ва Бернарду Силва мунтазам равишда рақиб мудофаа чизиқларига кириб, комбинациялар уюштиришди. Ўйиннинг дастлабки қисмида «Ливерпул» фаолроқ бўлишга ва бўш ҳудудлар топишга интилди, аммо ўйиннинг 22-дақиқасига келиб экранда «Сити» бу вақтгача рақиб жарима майдони томон 31 узатма амалга оширгани, мезбонларда эса бундай узатмалар сони атиги битта бўлгани ҳақида титр чиқарилди.
















