33 ёшли ака-укалар ҳамда Франциянинг яна уч фуқаросига икки марта қотиллик ҳамда яна бир неча бор қотилликка уриниш ҳолатлари юзасидан айблов қўйилган. Гап 2020 йил сентябрида содир бўлган воқеалар ҳақида кетмоқда.

Прокурорлар тахминига кўра, айбланувчилар Парижнинг чекка ҳудудларида фаолият олиб борувчи жиноий тўда аъзолари ҳисобланади.

Ҳар икки ака-ука жиноятларга алоқадорликда гумонланмоқда, аммо асосий саволлардан бири – ҳужумлардан бирида фойдаланилган автоматда айнан кимнинг генетик материали аниқлангани – очиқ қолмоқда.

Полиция ходими судда экспертлар улардан қайси бири тепкини босганини барибир топа олмаганини айтди. «Уларни фақат онаси фарқлаши мумкин», – деган терговчилардан бири судда.

Хабар қилишларича, суд залидаги муҳит ўта асабий бўлган. Пайшанба куни эгизаклар ўрнидан туришдан бош тортгани учун суд залидан олиб кетилган.

Полиция ака-укалар ўзларининг ўхшашлигидан фойдаланиб, содир этган жиноятлари изларини яширишганини таъкидлаган. Le Parisien полициячилардан бирига асосланиб ёзишича, улар тез-тез кийимлари, телефонлари ва ҳужжатларини алмашиб туришган.

Бу каби бир хил эгизаклар битта уруғланган тухум ҳужайранинг бўлинишидан, бир-бирига ўхшаш ва жинси бир хил бўлиб туғилади. Уларнинг ДНКси мутлақо бир хил, шунинг учун мутахассислар қуролдан айнан кимнинг генетик материали топилганини аниқлай олмайди.

Энди терговчилар телефон суҳбатлари, ташқи кузатув камералари ва эшитиш материаллари орқали ака-укалардан қайси бири отишмада айбдорлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Суд ушбу иш бўйича феврал ойи охирида қарор чиқариши кутилмоқда.

Бир хил, аммо бутунлай эмас

Шу билан бирга, замонавий технологиялар баъзи ҳолларда бир хил эгизакларнинг ҳам генетик намуналарини фарқлаш имконини беради.

Guardian газетаси ёзишича, 2025 йил августида АҚШда эгизаклардан бирига илк бор ДНК таҳлили асосида ҳукм ўқилган. Ҳакамлар ўшанда 1987 йилда содир этилган жинсий зўравонлик учун 54 ёшли Рассел Маррубиони айбдор деб топишганди.

Ўшанда тергов пайтида топилган ДНК икки эгизак ака-укага тегишли экани маълум бўлган ва жиноятни фош этишга уринишлар тўхтатилганди.

Аммо қарийб 40 йил ўтганидан кейин олимлар тухум ҳужайра бўлинганидан кейин содир бўлган баъзи ноёб мутацияларни аниқлашга муваффақ бўлишди.