Жаҳон | 10:44 / 11.02.2026
2543
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон РФнинг Навалний штабида ишлаган аёл экстрадицияси ҳақидаги сўровини қаноатлантирди

“Урушга қарши қўмита” хабар беришича, Қозоғистон Бош прокуратураси мобил телефон ўғирлиги иши сабаб Емеляновани Россияга экстрадиция қилишга рози бўлган. Илгари у Санкт-Петербургда Навалний штабида кўнгилли бўлиб ишлаган.

Юлия Емелянова Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қозоғистон Россиянинг Юлия Емеляновани экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровини қаноатлантирди. Россияда унга нисбатан таксичидан телефон ўғирлагани бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда унга ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётган "Урушга қарши қўмита" сешанба куни, 10 февралда хабар берди.

Қозоғистон Бош прокуратурасининг тегишли қарори Емеляновага 29 январ куни топширилган. Ташкилот маълум қилишича, ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатлар бу қарор ҳақида фақат тергов ҳибсхонасига ташрифдан кейин хабардор бўлган.

Аёлнинг ҳимояси экстрадиция ҳақидаги қарорга судда шикоят қилишни режалаштирмоқда, чунки мамлакат ҳокимияти ҳали ҳам Емеляновага сиёсий бошпана бериш ҳақидаги унинг аризасини кўриб чиқмоқда. “Урушга қарши қўмита”нинг таъкидлашича, олдинроқ Қозоғистон Бош прокуратураси сиёсий бошпана масаласида қарор чиқмагунча экстрадиция мавзусини кейинга қолдиришини кафолатлаган.

Юлия Емелянова 2025 йил кузида Олмаота аэропортида ушланган. Россия ҳокимияти уни “мулкий жиноятларни содир этганликда гумон қилинаётган” шахс сифатида давлатлараро қидирувга берган. DW’га аёлнинг адвокати Мурат Адам айтишича, Емелянова 12 минг рубл турадиган мобил телефонни ўғирлаш моддаси бўйича таъқиб қилинмоқда — у гўёки бу телефонни 2021 йилда таксичидан ўғирлаган.

“Урушга қарши қўмита” Емеляновага нисбатан иш сиёсий сабаблар билан қўзғатилган деб ҳисоблайди: у илгари Санкт-Петербургда Алексей Навалний штабида кўнгилли бўлган. У 2022 йил ёзида, унга нисбатан ўғирлик моддаси бўйича жиноят иши Санкт-Петербургнинг Калинин тумани судига келиб тушганидан кейин, мамлакатни тарк этган.

2026 йил бошидан буён Қозоғистон Россияга чечен фаоли Мансур Мовлаев ва дезертир Семён Бажуковни экстрадиция қилишга рози бўлди, шунингдек айти-мутахассис Александр Качкуркинни депортация қилди. Качкуркин Москвага қўниши билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан “давлатга хиёнат” бўйича жиноят иши доирасида ушланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид