Жаҳон | 08:00
758
3 дақиқада ўқилади

Чиплардан совитишгача: сунъий интеллект инфратузилмасини ушлаб турган ресурслар

Сунъий интеллект (СИ) буми АҚШ бўйлаб мисли кўрилмаган миқёсда дата-марказлар қурилишини бошлаб берди. Ҳар бир СИ модели ва ҳар бир булутли сервер ортида замонавий ҳисоблаш технологияларини амалга оширадиган мураккаб ресурслар тармоғи мавжуд. Яримўтказгичлардан тортиб совитиш тизимларигача — ушбу материаллар рақамли инфратузилманинг асосини ташкил қилади.

Фото: iStock

Янги инфографика СИ дата-марказларида қайси муҳим элементлар ва минераллар ишлатилишини ҳамда АҚШ улар импортига қай даражада боғлиқлигини кўрсатади. Маълумотлар АҚШ Геология хизмати (USGS) материалларига асосланган.

Яримўтказгичлар — СИ дата-марказларининг “мияси” ҳисобланади ва айнан шу соҳада импортга қарамлик айниқса юқори. АҚШ микросхемалар ишлаб чиқаришда қўлланадиган маргимуш, плавик шпати, галлий, германий, индий ва тантал таъминоти бўйича 100 фоиз хорижга боғлиқ. Шунингдек, мамлакат чип ишлаб чиқариш учун жуда муҳим бўлган платинанинг 85 фоиз ва палладийнинг 36 фоизини импорт қилади.

Микросхемаларнинг асосий материали бўлган кремний бўйича импортга боғлиқлик 50 фоиздан кам бўлса-да, илғор ҳисоблаш тизимларининг ишлашини таъминловчи кўплаб микроэлементлар тўлиқ хорижий таъминотчилар назоратида.

Visual Capitalist

Чиплардан ташқари, сервер платалари ва электрон схемалар ҳам кўплаб ўтказувчи ва қимматбаҳо металларни талаб қилади. АҚШ кумушнинг 64 фоизини ва қалайнинг 73 фоизини импорт қилади — бу икки металл пайвандлаш ва электр ўтказувчанлик учун ҳаётий аҳамиятга эга.

Симлар ва уланишлар учун зарур бўлган мис бўйича импортга боғлиқлик 45 фоизни ташкил этади. Конденсаторларда қўлланадиган тантал эса тўлиқ хориждан келтирилади — импорт 100 фоиз.

Олтин эса кам учрайдиган истисно ҳисобланади: унинг соф импортга боғлиқлиги 0 фоиз. Бу глобаллашган таъминот занжирида ички барқарорликнинг кичик бир “оролчa”сини яратади.

СИ серверлари улкан миқдорда иссиқлик ажратади, шунинг учун совитиш тизимлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Радиаторлар алюминийдан (импортга боғлиқлик — 47 фоиз) ва мисдан (45 фоиз) тайёрланади.

Маълумот сақлаш компонентлари — магнитлар ва сақлаш қурилмалари нодир ер элементларига боғлиқ бўлиб, улар бўйича импортга қарамлик 80 фоизга етади. Айрим сақлаш ечимларида қўлланадиган барит ҳам хорижий таъминотга 75 фоиздан ортиқ даражада боғлиқ.

Ҳозирги пайтда Хитой дата-марказларда қўлланадиган кўплаб муҳим элементлар ва минераллар ишлаб чиқаришида устунлик қилади. Бу деярли монопол мавқе бошқа мамлакатларда жиддий хавотир уйғотмоқда ва АҚШ ҳукумати бундай материалларни ички ишлаб чиқаришни ошириш бўйича ташаббусларни фаол илгари сурмоқда.

Қазиб олишдан ташқари, Хитой ушбу ресурсларни қайта ишлаш бўйича жаҳон қувватларининг катта қисмини ҳам назорат қилади. Масалан, нодир ер элементларининг тахминан 90 фоизи айнан Хитойда қайта ишланади.

Сунъий интеллект соҳасида етакчилик учун курашда муҳим минералларга кириш имконияти технологик устунлик каби ҳал қилувчи омилга айланиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид