Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Закладка”лардан тортиб лабораториягача: Тошкентда гиёҳвандликка қарши кенг кўламли рейд
Давлат хавфсизлик хизмати Ички ишлар органлари ҳамда Божхона идоралари билан ҳамкорликда Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказган тезкор тадбирлар натижасида интернет наркодўкони фаолиятига алоқадор шахслар ушланди. Тадбирлар давомида “Прегабалин”, “Тропикамид” ва бошқа кучли таъсир қилувчи дори воситалари катта миқдорда мусодара қилинди.
ДХХ ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “Спарк” автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада унда интернет тармоғидаги наркодўконга хизмат қилувчи, 1993, 1994 ва 1995 йилларда туғилган пойтахтлик 3 нафар фуқаро кетаётгани аниқланди. Улардан 37 дона “Тропикамид” ҳамда таркибида прегабалин кучли таъсир қилувчи модда сақлаган 124 дона капсула ашёвий далил сифатида олинди.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, интернет наркодўконнинг “закладчик”лари бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1998 йилда туғилган 2 нафар шахс ҳам ушланди. Улар томонидан “закладка” тарзида қўйилган пойтахтнинг турли ҳудудларидаги хуфия жойлардан жами 1186 дона “Прегабалин” ва 125 дона “Тропикамид” мусодара қилинди.
Аниқланишича, ушбу шахслар кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Сергели туманида фаолият юритаётган нарколабораториядан олган. Давом эттирилган тезкор тадбирда мазкур манзил холислар иштирокида кўздан кечирилиб, у ерда 1987, 1993, 1995 ва 2000 йилларда туғилган 4 нафар шахс кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тайёрлаётгани маълум бўлди.
Кўздан кечириш натижасида хонадондан 5130 дона “Прегабалин” капсулалари ва 10 кг “Прегабалин” моддаси, 75 дона флаконда “Тропикамид” ҳамда 6 кг “Тропикамид” моддаси, шунингдек, жами 60 минг дона бўш капсула ва флаконлар, лаборатория жиҳозлари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 251¹-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди.
Шунингдек, ДХХ ва Божхона идоралари ҳамкорлигида пойтахт ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда 1987 йилда туғилган шахснинг Шайхонтоҳур туманидаги яшаш хонадони кўздан кечирилди. Натижада унинг уйи ва автомашинасидан 16 227 дона “Прегабалин”, 7 947 дона “Регапен”, 35 дона “Лирика” ва 14 дона “Перге” — жами 24 223 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди.
Терговга қадар текширувга кўра, мазкур шахс ушбу дори воситаларини Қирғизистондан Фарғона вилояти ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирилган шахслардан 34 минг АҚШ доллари эвазига сотиб олгани ва кейинчалик Тошкент шаҳрида қайта сотиш орқали мўмай даромад топишни мақсад қилгани маълум қилинмоқда.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 251¹-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди. Шунингдек, Фарғона вилоятидаги жиноий шерикларнинг шахсини аниқлаш ва уларни қўлга олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Мавзуга оид
17:31
Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди
10:57
Тошкентда 34 килограммдан зиёд наркотик моддалар мусодара қилинди
20:09 / 11.06.2026
Жиноят кодексига аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар боби киритилади
08:18 / 04.06.2026