“Дунё” АА хабар беришича, мулоқот қишлоқ хўжалиги ва таълим йўналишларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига бағишланган. Учрашувда иқтисодий алоқалар билан бир қаторда таълим соҳасидаги имкониятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Қорақалпоғистон томони мисрлик талабаларни маҳаллий олий таълим муассасаларида қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва муҳандислик йўналишларида таҳсил олишга жалб этиш таклифини билдирди. Бу борада академик алмашинув дастурлари, қўшма таълим лойиҳалари ва институционал шериклик механизмлари муҳим восита бўлиши қайд этилди.

Учрашувда, шунингдек, Оролбўйи ҳудудида Мисрнинг илғор тажрибаси асосида замонавий агротехнологик лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар инновацион суғориш технологияларини жорий этиш, иссиқхона хўжалигини ривожлантириш ва чўл ерларини ўзлаштириш йўналишларига қизиқиш билдирди.

Музокаралар якунида аниқ ташаббусларни ишлаб чиқиш учун пилот лойиҳаларни йўлга қўйиш, экспертлар даражасида доимий маслаҳатлашувларни ташкил этиш ҳамда мулоқотни тизимли давом эттириш бўйича келишувга эришилгани таъкидланди.