Сурхондарёда ичимлик сув таъминотини яхшилашга қаратилган ва қиймати 287 миллион доллар бўлган мегалойиҳа амалга оширилди. Kun.uz танқидидан сўнг: машинада уч одамни уриб юборган фарғоналик аёлга нисбатан суд ҳукми ўзгартирилди. Халқаро фан олимпиадаларида олтин медал олган ёшларга 1 млрд сўмдан ортиқ мукофот тўланади, уларни тайёрлаган устозлар ҳам тақдирланади. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Президент Сурхондарёдаги йирик сув инфратузилмаси лойиҳасини кўздан кечирди
Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида “Тўпаланг” сув омбори сувидан фойдаланиш асосида Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган йирик инфратузилма лойиҳаси натижалари билан танишди.
Қиймати 287 миллион доллар бўлган мазкур мегалойиҳа доирасида кенг кўламли қурилиш ва монтаж ишлари амалга оширилди. Ичимлик сув вилоятнинг ўнта тумани ва Термиз шаҳрига узлуксиз етказиб берилмоқда. Лойиҳа доирасида 246 км магистрал ва ички тармоқлар барпо этилган. Гидравлик ҳисоб-китоблар асосида сувни насоссиз узатиш имконияти яратилган. Термиз шаҳри, Ангор, Бандихон, Қизириқ, Шеробод ва Музработ туман марказларига сув электр энергияси сарфисиз етказиб берилмоқда.
Kun.uz танқидидан сўнг: машинада уч одамни уриб юборган фарғоналик аёлга нисбатан суд ҳукми ўзгартирилди
Ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда танишининг Onix машинасини бошқарган Хадичабону Ҳабибуллаева пиёдалар йўлагидан ўтаётган 31 ёшли аёл ва унинг ёнидаги икки ёш болани уриб юборган эди. Биринчи инстанция суди ҳукмида судланувчидан вояга етмаган жабрланувчиларнинг қонуний вакилига 280 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланиб, иш бўйича бошқа етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилганди.
Апелляция судининг янги ажрими билан ҳукмнинг фуқаровий даъвога оид қисми ўзгартирилди. Яъни Хадичабону Ҳабибуллаевадан жабрланувчи Дилафрўз Сайфуллаевага 100 млн сўм маънавий ҳамда вояга етмаган жабрланувчиларнинг қонуний вакилига 3 млн 351 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланди.











