АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон 27 феврал куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Назорат қўмитасига кўрсатмага бериш учун борди. У марҳум молиячи ва судланган педофил Жеффри Эпштейн билан алоқалари ҳақида гапирди. Унинг рафиқаси Ҳиллари Клинтон билан бўлгани каби, қўмита йиғилиши ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. BBC хабарига кўра, эшитувлар бошланиши билан бир вақтда Клинтон ижтимоий тармоқда кириш баёнотини эълон қилди.
«Гарчи Эпштейн билан қисқа муддатли танишувимиз унинг жиноятлари маълум бўлишидан бир неча йил олдин тўхтаган бўлса-да ва бизнинг чекланган мулоқотимиз давомида аслида содир бўлган воқеаларнинг ҳеч бирини кўрмаган бўлсам-да, мен бу ерга ўзим билган баъзи нарсаларни айтиб бериш учун келдим», деди Билл Клинтон.
«Мен Эпштейн томонидан содир этилган жиноятлар ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмасдим. <...> Мен нимани кўрганимни биламан, энг муҳими - нимани кўрмаганимни. Мен нима қилганимни биламан, ундан ҳам муҳими - нима қилмаганимни. Мен ҳеч нарсани кўрмадим ва ҳеч қандай ёмон иш қилмадим», деб қўшимча қилди Клинтон.
Клинтон, шунингдек, рафиқаси Ҳилларининг Эпштейн билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва ҳатто у билан учрашган-учрашмаганини ҳам эслай олмаслигини таъкидлади.

АҚШ собиқ президенти 1983 йилдан бери биринчи марта Конгресс қўмитаси олдида кўрсатма берди (ўша пайтда буни Жералд Форд қилган).
«Клинтонлар бу ерга келиши учун етти ой керак бўлди. Аммо улар шу ерда ва биз уларга кўплаб саволлар беришни интиқлик билан кутмоқдамиз», деди Назорат қўмитаси раиси, республикачи Жеймс Комер.
Аммо қўмита аъзоси, демократ Сухас Субраманям бунга эътироз билдирди: «Ростини айтайлик, биз бошқа президент билан гаплашяпмиз».
Билл Клинтоннинг рафиқаси Хиллари бир кун аввал, 26 феврал куни Конгрессда кўрсатма берди. У кириш сўзида қўмитани шаффофлик йўқлиги учун танқид қилди, уни нохолисликда айблади, шунингдек, Доналд Трампни кўрсатма бериш учун чақиришни талаб қилди.
Билл ва Ҳиллари Клинтон узоқ вақт давомида Конгрессда Эпштейн иши бўйича кўрсатма беришдан бош тортиб, жараённи сиёсий деб атаб келган. Бироқ, Конгрессга ҳурматсизлик учун жавобгарликка тортилиш таҳдидидан сўнг, улар қўмита олдида нутқ сўзлашга рози бўлди.















