Жаҳон | 16:23
5414
2 дақиқада ўқилади

Эронни вақтинча бошқарувчи учлик таркиби аниқ бўлди

Эрон Фиқҳ кенгаши аъзоси Алиризо Аърофий амалдаги президент Масъуд Пизишкиён ва Олий суд раиси Ғулом-Ҳусайн Муҳсиний билан бирга Муваққат кенгаш аъзоси бўлади.

Чапдан: Эрон президенти Масъуд Пизишкиён, Олий суд раиси Ғулом-Ҳусайн Муҳсиний ва Фиқҳ кенгашининг аъзоси Алиризо Аърофий

Эрон Фиқҳ кенгаши аъзоси, диний уламо Алиризо Аърофий мамлакатни вақтинча бошқарувчи Муваққат кенгашга учинчи аъзо сифатида тайинланди. Ушбу орган янги олий раҳбар сайлангунига қадар, Эрон олий раҳбари вазифаларини бажаришга масъул бўлган тузилмадир.

Аърофий вақтинчалик раҳбарлик кенгашида – амалдаги президент Масъуд Пизишкиён ва бош қози Ғулом-Ҳусайн Муҳсиний билан биргаликда фаолият олиб боради.

Al Jazeera'нинг ёзишича, 67 ёшли руҳонийнинг ушбу кенгашдаги аъзолиги нуфузли ҳакамлик органи — Манфаатлар кенгаши томонидан тасдиқланган.

67 ёшли Алиризо Аърафий – таниқли шиа диний арбоби бўлиб, бир вақтнинг ўзида Посбонлар кенгаши аъзоси ҳамда Экспертлар ассамблеяси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган, шунингдек, Эрон диний таълим муассасалари тизимини бошқарган. У Али Хоминаийнинг ишончли кишиларидан бири бўлган.

Шу билан бирга, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига ҳам янги бош қўмондон тайинланиши кутилмоқда. Шанба кунги ҳужумлар оқибатида ушбу тузилма раҳбари Муҳаммад Покпур ҳам ўлдирилган. Айрим манбалар бу лавозим учун Аҳмад Воҳидийни энг эҳтимолий номзод сифатида кўрсатмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид