Тошкентда ўзгача болаларни бирлаштирган “Табассум” маркази бор. Бу ерда болалар сопол буюмлар ясашади, қадам-бақадам жамиятга фойда келтириш малакасини, фаол ҳаёт илмини эгаллашади.

Бу марказ қандай ташкил қилинди?

– Бу марказнинг ўз миссияси бор. Ўғлим махсус мактабни битирадиган йиллари менда она сифатида савол бўлган: бу ёғига нима бўлади, бу ёғига қаерга борамиз? Қаерда ўқиймиз, қаерда ишлаймиз, келажаги қандай бўларкин деб ўйлар эдим. Ногиронлик соҳасида 20 йилдан бери ишлаб келаман ва фарзандим Рустам туғилгандан кейин, изланишни бошладим. Бу фарзандимни қандай қилсам, оёққа қўя оламан? Нима қилсам жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлади? Кўп изланишлар олиб бордим ва ўзимга ўхшаган ота-оналарни қидиришни бошладим. Мутахассисларни ҳам изладим.

Шаҳноза Икромова, марказ директори

Энди у пайтда мутахассислардан “Болангиз катта натижаларга эриша олмайди, уйда ўтиради, исмини айтиб чақирсангиз ҳам сизни танимаслиги мумкин, оиланинг бўйнидаги бир юк”, деган гапларни ҳам эшитганман.

2012 йилда болалар марказини очганман ва шу болалар маркази қошида жуда ҳам кўп ота-оналарни бирлаштирганмиз. Қайси давлатга борсам, ўша ерда қидириб топиб, кўриб, ўрганиб келишга ҳаракат қилдим. Мисол учун, Японияда ўзимизникига ўхшаган устахонага борганман. Жуда ҳам қизиқарли тажрибалари бор экан. Қариялар ва ақлий ногиронлиги бўлган болалар билан биргаликда чиройли нарсалар ишлаб чиқишаётган экан. Бундан ташқари, Белгияга борганимда, премиум ресторанда ишлашаётганини кўрганман. Туркияда “Табассум” деган кафега борганимда уларнинг ишлаши, ўша ерда одамлар билан мулоқоти менга жуда ҳам ёққан. Шунда ўзимга Ўзбекистонда ҳам “Табассум” бўлиши керак экан, деб айтганман.

Ўқув машғулотларимизнинг бир қисми арт-терапия бўлган. Айнан кулолчилик, шам-совунлар ясашни арт-терапия дарси сифатида киритганмиз. Бунда жуда ҳам катта ҳисса қўшадиган одамлар бу – жамоамиз. Бизнинг командамиз, усталаримиз, координаторимиз.

Асосий мақсадимиз, болаларимиз ишлаб чиққан қўл меҳнатини ачиниш ёки ногиронлиги бўлган болалар ясагани учун эмас, айнан бозорда ўзига яраша рақобатбардош, сифатли бўлишига интилиб, шу нарсани халққа етказиш ва энг катта мақсадимиз, бу болалар ишлаб, меҳнат қилиб, жамиятга фойда келтириши ёки ўз оиласига фойда келтириши мумкинлиги стереотипини шакллантириш ва шу нарсани тарғиб қилиш.