Жаҳон | 08:46
2477
3 дақиқада ўқилади

Бундесвер аскарлари жойлашган объектлар Эрон томонидан ўққа тутилди

Теҳрон Ироқнинг шимолида, Арбил яқинидаги кўпмиллатли ҳарбий базани, шунингдек Иордания шарқидаги бундесвернинг дала лагерини нишонга олди. AFP хабар беришича, немис аскарлари ҳужумларнинг “бевосита нишон”и бўлмаган.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Ироқ ва Иорданияда бундесвер аскарлари жойлашган объектлар Эрон томонидан ўққа тутилди. Бу ҳақда якшанба, 1 март куни AFP агентлиги тезкор қўмондонлик вакилига таяниб хабар қилди.

Унинг маълумотларига кўра, бир нечта ҳужумлар 28 феврал ва 1 март кунлари Ироқ шимолидаги Арбил шаҳри яқинида жойлашган кўпмиллатли ҳарбий базага, шунингдек Иордания шарқидаги бундесвернинг дала лагерига қарши амалга оширилган.

“Иккала объектда ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа чоралари кўрилган”, — дея таъкидлади агентлик суҳбатдоши. “Жойдаги аскарлар паноҳгоҳларда хавфсиз ҳолда турибди ва ўзларини яхши ҳис қиляпти”, — деб қўшимча қилди у.

Манбага кўра, миссиялар учун “муҳим ҳисобланган жиҳозлар”га ҳеч қандай шикаст етгани қайд этилмаган. AFP суҳбатдоши таъкидлашича, бундесвер аскарлари ҳужумларнинг “очиқ-ойдин бевосита нишони” бўлмаган.

Ўтган ҳафта эҳтиёт чораси сифатида объектлардан миссиялар учун мутлақо зарур бўлмаган ходимлар олиб чиқилган. Агентлик аниқлаштиришича, ҳозирги босқичда қўшимча эвакуация қилиш имкони йўқ.

“Биз вазиятни диққат билан кузатяпмиз ва баҳолаяпмиз, жойдаги аскарларимиз билан, шунингдек ҳамкорларимиз билан яқин алоқада турибмиз”, — деди манба.

Унинг айтишича, Арбилда бир неча ўн нафардан ортиқ бўлмаган бундесвер аскари қолган, Иорданияда Азрақ шаҳри яқинидаги лагерда эса тахминан 100 нафар люфтваффе (Германия ҳарбий-ҳаво кучлари) хизматчилари жойлашган.

Исроил ва АҚШ бир неча ҳафталик таҳдидлардан кейин 28 феврал куни Эронга қарши йирик миқёсда ҳаво зарбаларини йўллади. Қўшма Штатлар президенти Доналд Трамп Эрон армиясини қуролни ташлашга, Ислом Республикаси аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олиш”га чақирди. Бир қатор ОАВ маълумотларига кўра, зарбаларнинг нишонлари орасида Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ва мамлакат президенти Масъуд Пизишкиён бўлган. Теҳронда Хоманаий ҳалок бўлгани тасдиқланган.

Эрон жавобан Исроилга ва Яқин Шарқдаги қатор давлатларда жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига қарши ҳужумлар уюштирди. Исроилда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Эроннинг жавоб зарбалари минтақага кирувчи бошқа мамлакатларга ҳам таъсир кўрсатган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид