Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мелания Трамп БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисига раислик қилди
АҚШ президенти Доналд Трампнинг рафиқаси, биринчи хоним Мелания Трамп қуролли можаролар вақтида болаларни ҳимоя қилиш мавзусига бағишланган БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида раислик қилди. Тадбир Ню-Йоркда 2 март, душанба куни бўлиб ўтди. У АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти фонида ўтказилди.
Фото: Timothy A. Clary/AFP
Биринчи хоним бугунги кунларни “қийин давр” деб атади. “АҚШ бутун дунё бўйлаб барча болаларни қўллаб-қувватлайди”, — дея таъкидлади Мелания Трамп. Бу билан у гапни Яқин Шарқдаги аниқ можаро ҳақида эмас, умумий вазият ҳақида айтаётганини англатди. “Умид қиламанки, яқин орада сизларга тинчлик насиб этади”, — дея қўшимча қилди у.
Тадбирдан сал олдин Эроннинг БМТ ҳузуридаги доимий вакили Амир Саид Иравоний АҚШ раислигида болаларни ҳимоя қилиш мавзусида Хавфсизлик кенгаши мажлиси ўтказилаётган бир пайтда АҚШ армияси Эрон шаҳарларини ракеталар билан ўққа тутаётгани “жуда уятли ва энг юқори даражада танқидга лойиқ” эканини айтди.
Март ойида ротация тартибига кўра БМТ Хавфсизлик кенгашида раислик қилаётган давлат — АҚШ. Шу билан бирга, давлат раҳбарининг рафиқаси Хавфсизлик кенгаши мажлисини олиб борган ҳолат мазкур орган тарихида биринчи марта кузатилмоқда. Одатда БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисига президентлар, бош вазирлар, ташқи ишлар вазирлари ёки мамлакатларнинг доимий вакиллари раислик қилади.
Хавфсизлик кенгашининг олдинги мажлиси 28 феврал куни бўлиб ўтган. У АҚШ ва Исроилнинг Эронда ҳарбий амалиёт бошлагани муносабати билан шошилинч чақирилган эди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш АҚШ ва Исроилнинг Ислом Республикасига берган авиазарбаларини халқаро ҳуқуқ, жумладан БМТ низоми бузилиши сифатида қоралаган. Айни пайтда у Эроннинг жавоб зарбаларини ҳам Яқин Шарқ давлатларининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузиш сифатида қоралаган.
Эрон давлат ОАВ маълумотларига кўра, 28 феврал куни Эроннинг Миноб шаҳрида “Шажаре Тайебе” номли қизлар мактаби ҳудуди яқинига ракета тушиши оқибатида камида 165 киши ҳалок бўлган, яна тахминан 100 киши яраланган. Миноб округи прокурорининг айтишича, ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги мактаб ўқувчилари бўлган.
Бу хабарларга изоҳ берган Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) вакили Надав Шошаний исроиллик ҳарбийларга “бу ҳудудда ҳар қандай Исроил ёки Америка зарбалари” ҳақида маълумот йўқлигини айтган.
Мавзуга оид
12:59
Трампнинг таҳдидлари ва «Ҳизбуллоҳ» ҳам урушга қўшилиши. Сўнгги маълумотлар
11:16
Рубио: АҚШ Эронда режим ағдарилишидан умидвор, аммо бу “миссия”нинг расмий мақсади эмас
23:27 / 02.03.2026
Трампнинг уруши: мактабга ҳужум дунёни ларзага солди
23:17 / 02.03.2026