Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский: “Дружба”ни таъмирлаш бир ярим ойгача давом этиши мумкин
Украина президенти қувурни шахсан ўзи бўлса, умуман тикламасликни маъқул кўришини билдирди. Венгрия эса “Дружба” қувуридаги эҳтимолий шикастланишларни текшириш учун Украинага ўз инспекцион миссиясини юбориш ниятида.
Фото: Picture Alliance
Украина президенти Володимир Зеленский баҳсларга сабаб бўлаётган “Дружба” нефт қувури иши қайта тикланишигача яна бир неча ҳафта вақт ўтиши мумкинлигини билдирди. «Мавжуд маълумотларга кўра, бу қувурни яна бир — бир ярим ой ичида ишга тушириш мумкин», — деди у 5 март, пайшанба куни. Шу билан бирга, Зеленский шахсан ўзи бу қувурни тикламасликни афзал кўришини тушунтирди.
Бу нефт қувури Россия нефтини Венгрия ва Словакияга етказиб беради. Украина томони маълумотларига кўра, у январ ойида Россия зарбаси натижасида шикастланган ва вақтинча ишдан чиққан. Венгрия ва Словакия Зеленскийни таъмирлашни атайлаб чўзaётганликда айбламоқда. Бу баҳс икки мамлакатнинг Киев билан муносабатларида жиддий тарангликка олиб келди.
Зеленский қувур ишини қайта тиклаш, эҳтимол, Киев учун ажратилиши керак бўлган 90 миллиард евро миқдоридаги Европа Иттифоқи кредитини блокдан чиқариш учун зарурлигини тан олди. Бу кредитга Венгрия вето қўйган. Венгрия бош вазири Виктор Орбан “Дружба” орқали нефт етказиб бериш тўхтаганини важ қилиб, ҳам ушбу кредитни, ҳам Россияга қарши янги санкциялар пакетини тўсиб турибди. Ҳар икки қарорни ҳам Россиянинг Украинага ҳужуми тўрт йиллиги арафасида — феврал ойи охиригача қабул қилиш режалаштирилган эди.
Шикастланган нефт қувури атрофидаги баҳсда Орбан Украинага ўз инспекцион миссиясини юбориш ниятида. Ўнг популист бош вазирнинг тегишли қарори 5 мартга ўтар кечаси Венгрия расмий ахборотномасида эълон қилинди. Миссияга энергетика вазири ўринбосари раҳбарлик қилиши керак, унинг таркибига Венгриянинг MOL нефт концерни вакили ҳам киради.
Қувур шикастланганига қарамай, ҳозирча Венгрия ва Словакиянинг нефт таъминоти хавф остида эмас. Европа комиссияси маълумотларига кўра, ҳар икки мамлакат тахминан уч ойлик нефт захирасига эга. Бундан ташқари, Хорватия бошқараётган Адриатика нефт қувури орқали муқобил етказиб бериш ҳам мумкин, аммо бу Россия нефтига нисбатан қимматроққа тушади. Эрон билан уруш эса нефт нархларининг янада ошишига қўшимча туртки бермоқда.
Мавзуга оид
21:44 / 06.03.2026
Будапештда автомобилларда ўнлаб миллион валюта ва олтин олиб кетаётган Украина банки ходимлари қўлга олинди
12:52 / 06.03.2026
Зеленский Орбаннинг манзилини Украина қуролли кучларига бериш билан таҳдид қилди
12:43 / 06.03.2026
Полша Украинадан қочқинлар учун имтиёзлар ва нафақаларни қисқартирди
12:05 / 06.03.2026