Жаҳон | 15:46
1428
5 дақиқада ўқилади

Фицо Киевга 90 млрдни тўсишда “эстафетани қабул қилиш” билан таҳдид солди

Агар Венгрия бош вазири Виктор Орбан сайловда ютқазса, Братислава ҳам Украина учун 90 миллиард евролик Европа Иттифоқи кредитига тўсқинлик қилишга тайёр бўлади, деди Словакия бош вазири Роберт Фицо.

Фото: AFP / Scanpix

Агар амалдаги Венгрия бош вазири Виктор Орбан партияси парламент сайловларида мағлуб бўлса, Словакия Венгриянинг Украинага 90 миллиард евро миқдоридаги Европа Иттифоқи кредитига тўсқинлик қилишдаги “эстафетасини қабул қилиш”га тайёр. Бу ҳақда Словакия бош вазири Роберт Фицо маълум қилди.

“Мен содда одам эмасман. Украина президенти кейинги пайтларда бир ой ёки бир ярим ойдан сўнг етказиб бериш қайта тикланиши ҳақида гапирмоқда, яъни Венгриядаги сайловлардан кейин, у ерда мухолифат ғалаба қозонишига умид қилмоқда”, — деди Фицо 8 март, якшанба куни Facebook ижтимоий тармоғидаги видеомурожаатида.

Унинг фикрича, шу муддат ўтгач, “шарқдан келадиган нефт учун деярли ҳеч қандай имконият қолмайди, фақат Венгрия эстафетасини бошқа биров қабул қилса, балки”. Россия ҳарбий тажовузидан бешинчи йил ҳимояланаётган мамлакат учун кредитни тўсишни Фицо “нефт етказиб беришни қайта тиклашга эришиш учун қонуний восита” деб атади.

Венгрияда парламент сайловлари 12 апрелга белгиланган. Сўнгги сўровларга кўра, Петер Мадяр раҳбарлигидаги мухолифатдаги “Тиса” партияси Орбаннинг ФИДЕС партиясидан тахминан 10 фоиз пунктга олдинда бормоқда.

Словакия бош вазири, шунингдек, 10 март куни Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан учрашувда “Дружба” нефт қувурининг ишини қайта тиклаш масаласини кўтаришини маълум қилди.

Жумладан, Фицо, агар “бирор винтни бураб қўйиш керак бўлса”, Венгрияга қувурни таъмирлаш бўйича хизмат таклиф қилишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Словакия ҳукумати раҳбари Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Орбаннинг алоқа маълумотларини Украина қуролли кучларига бериш ҳақидаги гапларини эслаб, бу “барча қизил чизиқларни кесиб ўтиш” эканини айтди.

21 феврал куни Венгрия Европа Иттифоқининг Украинага ёрдам пакетини ва Россияга қарши янги санкциялар пакетини тўсиб қўйди. Бу қарорлар Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганининг тўртинчи йиллигига қадар маъқулланиши режалаштирилган эди. Бундан ташқари, Будапешт Украинага дизел ёнилғиси етказиб беришни тўхтатганини эълон қилди.

Орадан бир кун ўтиб, Роберт Фицо, агар Украина Словакияга нефт етказиб беришни қайта тикламаса, Украинага фавқулодда электр энергияси етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди. 3 март куни Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа комиссиясидан Украинага таъсир ўтказиб, нефт транзитини қайта тиклашни талаб қилди. Бу транзит январ ойи охирида Россия ўққа тутиши натижасида инфратузилмага етган зарар туфайли тўхтаб қолган эди. 5 март куни эса у Украина билан ҳеч қандай муросага бормаслигини ва “Дружба” нефт қувурига нисбатан “украин блокадаси”ни куч билан тугатишини айтди.

Володимир Зеленский 27 феврал куни Роберт Фицо билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Суҳбат чоғида у Словакия бош вазирини “барча долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун” Украинага таклиф қилди. Фицо бу таклифга ҳозирча муносабат билдирмади.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха аввалроқ нефт етказиб бериш тўхтаганини Венгрия Украина ҳудудидаги “Дружба” нефт қувурининг бир қисмига Россия зарба бергани ҳақиқати ҳақида жим қолаётгани билан изоҳлаган эди. Киев талқинига кўра, бу зарба оқибатида Украина ғарбидаги насос станциялари шикастланган. Бунга жавобан Будапешт Украина томони мазкур қувур қисмида электр таъминотини гўё ўзича ўчириб қўйганини билдирди.

Reuters агентлиги аввалроқ хабар беришича, нефт қувури атрофидаги вазият туфайли у орқали нафақат Россия нефти етказиб берилиши, балки Украина хом нефтини экспорт қилиш ҳам тўсиб қўйилган. Агентликка уч манба маълум қилишича, Киев аввал “Дружба” қувуридан хомашёни Европа Иттифоқига ташиш учун фойдаланган.

Reuters хабарига кўра, етказиб беришнинг тўхташи Украинани бюджет тақчиллигини қоплаш учун зарур бўлган даромадлардан маҳрум қилмоқда ва Киевни ўз нефт қазиб олишини ҳам тўхтатишга мажбур қилиши мумкин.

Феврал ўрталарида Словакия ҳукумати “Дружба” нефт қувури орқали етказиб бериш тўхтагани сабабли “нефт соҳасида фавқулодда вазият” эълон қилди. Давлат Братиславадаги, мамлакатдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи — Slovnaft'га ўзининг стратегик захираларидан 250 минг тоннагача нефт ажратади. Бунинг эвазига корхона баланс қиймати миқдорида молиявий таъминот ёки банк кафолатларини тақдим этиши керак бўлади. Компания давлат берган нефтни сентябргача қайтариши шарт.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид