Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда йўл ўтказгич ўпирилиб тушган кўчанинг маълум қисми вақтинча ёпилди
Тошкентда йўл ўтказгич девори ўпирилиб тушган Темур Малик кўчасининг маълум қисми вақтинча ёпилди. Буюк Ипак йўли кўчаси бўйлаб ҳаракатланиш чекланмайди, бироқ ундан Темур Малик кўчасига тушиш-чиқиш йўллари беркилади. Мазкур кўчадан ҳаракатланувчи автобуслар қатновига ҳам ўзгартиришлар киритилди.
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманининг Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмасидаги туннелнинг тиргак девори ўпирилиб тушиши ортидан таъмирлаш ишлари сабабли ушбу кўчанинг маълум қисмида автоуловлар ҳаракати вақтинча чекланди.
Пойтахт ҳокимлиги хабар қилишича, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда зарур техник ишларни амалга ошириш мақсадида Темур Малик кўчасининг Мирзо Улуғбек кўчаси билан кесишмасидан Султония кўчаси кесишмасигача бўлган қисми барча авторанспорт воситалари ҳаракати учун вақтинча ёпилди.

Шу ўринда, Буюк Ипак йўли кўчаси бўйлаб ҳаракатланиш чекланмайди, бироқ Буюк Ипак йўли кўчасидан Темур Малик кўчасига тушиш-чиқиш йўллари вақтинча ёпилади, дея эслатди ҳокимлик.
«Мазкур чекловлар ишлар тўлиқ якунлангунга қадар амал қилади. Ҳайдовчилардан йўналишларни олдиндан режалаштириш, вақтинча ўрнатилган йўл белгиларига ҳамда масъул хизматлар ходимлари кўрсатмаларига қатъий риоя этиш сўралади», — дейилади хабарда.
«Тошшаҳартрансхизмат» компаниясининг маълум қилишича, Темур Малик кўчаси орқали ҳаракатланувчи автобус йўналишлари ҳаракатига ҳам вақтинча қуйидагича ўзгартиришлар киритилади:

- 49-сонли автобус йўналишининг ТТЗ АШБ томон ҳаракати Т.Малик, Шўртепа-2, Шўртепа, Т.Малик кўчалари орқали ташкил этилади;
- 128-сонли автобус йўналишининг ҳаракати икки томонлама Т.Малик, Дўрмон йўли, Мирзо Улуғбек, Т.Малик кўчалари орқали ташкил этилади;
- 149-сонли автобус йўналишининг ҳаракати икки томонлама Мингбулоқ, Ш. Бурхонов, Мирзо Улуғбек, Т.Малик кўчалари орқали ташкил этилади.
Компания, шунингдек, кўчаларда транспорт тирбандликлари ортиши ва йўллардаги чекловлар натижасида йўналишлар ҳаракатига қўшимча ўзгартиришлар киритилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ушбу ўзгартиришлар сабабли йўналишлардаги автобуслар оралиқ интервал вақти режадагидан ортиши ҳолатлари юзага келиши эҳтимоли мавжуд, дейилади хабарда.
Маълумот учун, «Буюк Турон» кўприги («Троицкий мост» ҳам дейилади) – Темур Малик кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида 128,6 млрд сўмга қайта қурилган бўлиб, 2024 йил август ойида – Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган эди.
Ўшанда мамлакатда илк бор қўлланган бу усулнинг афзаллиги кўплиги, хусусан, унинг қурилиш муддати бошқа кўприкларга нисбатан икки баробар кам вақт талаб қилиши, хизмат кўрсатиш муддати эса юз йилдан ортиқлиги, таъмирлаш ишлари ҳам анча арзон тушиши айтилганди.