Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2028 йилгача енгил саноат тадбиркорлари учун солиқ имтиёзлари амал қилади
Қонунчиликка мувофиқ, 2028 йил 1 январга қадар тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати йўналишларида фаолият юритаётган, белгиланган талабларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари қўлланади. Хусусан, бундай субъектлар учун фойда солиғи 2 фоиз, ижтимоий солиқ эса 1 фоиз этиб белгиланган.
Мазкур имтиёзлар енгил саноат тармоқларини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва соҳада расмий бандликни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ушбу енгилликлар барча тадбиркорларга эмас, балки қонунчиликда кўрсатилган аниқ мезонларга жавоб берадиган корхоналарга татбиқ этилади.
Қонунга кўра, мазкур солиқ имтиёзларидан фойдаланиш учун тадбиркорнинг ҳар ойдаги ўртача иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида икки баравари даражасида ҳисобланган бўлиши лозим. Бу талаб корхоналарда ходимларга нисбатан муносиб ва расмий иш ҳақи тўланишини таъминлашга қаратилган.
Шунингдек, ҳисобот даврида тўқув, тикув-трикотаж, пойабзал ёки чарм-атторлик маҳсулотларини реализация қилишдан олинган умумий тушум жами товарлар ва хизматларни реализация қилишдан тушган даромаднинг камида 70 фоизини ташкил этиши шарт. Яъни, имтиёздан фойдаланиш учун корхонанинг асосий фаолияти айнан шу йўналишларга тўғри келиши керак.
Ушбу тартиб енгил саноат соҳасида ишлаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, иш ҳақини “соя” иқтисодиётидан чиқариш, ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва рақобатбардош маҳсулотлар улушини оширишга ҳам хизмат қилади.
Мутахассислар фикрича, бундай солиқ енгилликлари соҳада фаолият юритаётган корхоналар учун молиявий юкни камайтиради, айланма маблағларни кўпайтиришга ёрдам беради ва уларга ишлаб чиқаришни кенгайтириш имконини яратади. Айниқса, тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик каби меҳнат талаб қиладиган тармоқларда бу каби имтиёзлар янги иш ўринлари ташкил этишда муҳим омил бўлиши мумкин.
2028 йил 1 январга қадар амал қиладиган мазкур солиқ имтиёзлари енгил саноат тадбиркорлари учун муҳим қўллаб-қувватлов чораси сифатида баҳоланмоқда. Ундан фойдаланиш учун эса корхоналар белгиланган икки асосий шарт — муносиб иш ҳақи тўланиши ва тушумнинг асосий қисми профил маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келиши талабларига риоя қилиши лозим.
Мавзуга оид
11:43 / 15.01.2026
Айрим тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади
10:17 / 22.09.2025
Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилади
17:22 / 02.05.2025
Президент «Урганч кластер»нинг янги корхоналари фаолияти билан танишди
18:11 / 12.12.2024