Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳўрмуз бўғози инқирози Осиё акция бозорларини пасайтирди
Осиёдаги йирик фонд бозорлари душанба куни кескин пасайди. Бунга Вашингтон ва Теҳроннинг можарони янада кучайтириш ҳақидаги таҳдидлари сабаб бўлди. Эрон билан уруш тўртинчи ҳафтасига кирди.
Япониянинг асосий Nikkei 225 индекси қарийб 3,6 фоизга тушди, Жанубий Кореянинг Kospi индекси эса қарийб 6 фоизга пасайди.
АҚШ президенти Доналд Трамп шанба куни агар Эрон муҳим денгиз йўли бўлган Ҳўрмуз бўғозини очмаса, Эрон электр станцияларини “вайрон қилиб ташлашини” айтди. Эрон эса бундай ҳужумларга жавобан минтақадаги муҳим инфратузилма объектларини, жумладан энергетика иншоотларини нишонга олишини билдирди.
Япония ва Жанубий Корея бу можародан айниқса қаттиқ таъсирланмоқда, чунки улар асосан Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган нефт ва газга катта даражада боғлиқ.
Эрон АҚШ ва Исроил 28 феврал куни мамлакатга ҳужум қилганидан бери, дунёдаги энг серқатнов нефт ташиш йўлларидан бири бўлган Ҳўрмуз бўғозини амалда тўсиб қўйган.
Одатда дунё нефти ва суюлтирилган табиий газининг тахминан 20 фоизи шу сув йўли орқали ўтади. Уруш эса ёнилғи нархларининг бутун дунё бўйлаб кескин ошишига сабаб бўлди.
Душанба куни Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фотиҳ Бирол бу уруш дунёни сўнгги ўн йилликлардаги энг оғир энергетика инқирозига олиб келиши мумкинлигини айтди.
Австралия пойтахтидаги Миллий матбуот клубида сўзлаган Бирол ҳозирги инқирозни 1970-йиллардаги энергетика инқирози ва Россиянинг 2022 йилда Украинага босқинидан кейинги ҳолат билан таққослади.
У шундай деди: “Ҳозирги ҳолатга қараганда, бу инқирозда гўё икки нефт инқирози ва бир газ ҳалокати бирлашиб кетгандек”.
Трамп ижтимоий тармоқда шундай ёзди: агар Эрон “Ҳўрмуз бўғозини ҳеч қандай таҳдидсиз тўлиқ очмаса”, АҚШ 48 соат ичида Эроннинг турли электр станцияларига, аввало энг каттасидан бошлаб зарба беради.
Бу таҳдид Эрон ракеталари Исроилнинг Димона шаҳрига зарба берганидан кейин, шунингдек унга яқин Арад шаҳрига иккинчи ҳужумдан олдин айтилди.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф якшанба куни, агар Эроннинг электр станцияларига ҳужум қилинса, минтақадаги энергетика ва тузсизлантириш инфратузилмаси “қайтариб бўлмас даражада вайрон қилиниши”ни айтди.
Бундай қадам можарони янада кучайтириб юборади. Уруш аллақачон глобал энергия таъминотига салбий таъсир кўрсатиб, нархларни оширди ва ёқилғи танқислигига сабаб бўлди.
Осиё-Тинч океани минтақасидаги бошқа бозорлар ҳам душанба куни пасайди.
Ҳонгконгнинг Hang Seng индекси қарийб 3,5 фоизга, Шанҳай фонд биржасининг композит индекси эса 2,5 фоизга тушди.
Жаҳон нефт нархлари умумий ҳисобда барқарор қолди: Brent нефти 0,45 фоизга ўсиб, баррели 112,69 долларга етди, АҚШда савдо қилинадиган нефт эса 0,7 фоизга кўтарилиб, 98,93 доллар бўлди.
Мавзуга оид
11:39
Трампнинг таҳдидидан сўнг Эрон Кўрфазнинг энергетика ва сув инфратузилмасини бомбардимон қилиш билан огоҳлантирди
11:04
Теҳрон: АҚШ зарба берса, бутун минтақа қайтариб бўлмас зарар кўради
09:29
Писториус: Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш мумкин эмас
22:10 / 22.03.2026