"Mental state of the world" халқаро тадқиқотига кўра, Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг руҳий саломатлиги жойида эмас. Республикалар энг охирги ўнталикдан жой олган, рўйхатнинг бошидаги давлатлар аҳолиси ҳам ойнинг 21 кунида соғлом ҳаракатланиши айтилган. Kun.uz суҳбатлашган психолог, жамиятшунослар фикрича, мамлакатимиз аҳолисининг тушкун кайфиятига аввало иқтисодий етишмовчиликлар сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, йод етишмаслиги, сунъий озиқ-овқат маҳсулотлари ва менталитет қўйган чегаралар одамларни ортиқча асабийлаштиряпти.
Марказий Осиё аҳолиси руҳий соғломлар эмас, бу борада тадқиқот ўтказилди ва унда Ўзбекистон ҳам охирги ўринларда турибди. Ҳозир шу тадқиқотга ҳам тўхталиб ўтамиз.
Ўзбекистон аҳолисининг руҳий саломатлиги жойида эмас, бу бўйича дунё рейтингида давлатимиз охирги ўринларда қолиб кетди. Mental state of the world халқаро тадқиқоти рўйхатида Ўзбекистон 83 давлат ичида 74-ўринда турибди. Бу билан республика қўшнилари Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан олдинда. Умуман, Марказий Осиё давлатлари орасида руҳий саломатлик ҳолати оғирлигича қолмоқда. Рейтингда:
- Қозоғистон – 76-ўрин;
- Қирғизистон – 79-ўрин;
- Тожикистон – 80-ўрин.
Дунё бўйича ўртача руҳий ҳолат индекси 63 баллни ташкил қилмоқда. Бу инсонлар ойда тахминан 21 кун давомида ўзини барқарор ва фаол ҳис қилишини англатади. Аммо Марказий Осиё давлатлари бу кўрсаткичдан анча ортда қоляпти. Ўзбекистон 54,5 баллни, Қирғизистон ва Тожикистон 51,2 баллни қўлга киритган. Қозоғистон эса 52,3 балл билан Бразилия, Жанубий Африка республикаси ва ҳаттоки Афғонистон билан деярли бир даражада.
Уруш бўлаётганига қарамай, Украина, Россия фуқаролари ижобий натижа кўрсатган, Исроил фуқаролари руҳий соғломлик бўйича 4-ўринда.
Мутахассислар фикрича, одамларнинг руҳий ҳолати ёмонлашишига бир вақтнинг ўзида бир нечта омиллар сабаб бўляпти: хавотир, тушкунлик, чарчоқ, ёлғизлик ва ҳал қилинмаган ички муаммолар. Бугунги кунда дунё бўйича ҳар саккиз кишидан бири, яъни 8 миллиард аҳолининг 1 миллиардга яқини руҳий касалликка чалинган. Бунда ўсмирлар энг заиф қатлам ҳисобланади, чунки руҳий муаммоларнинг ярми 14 ёшгача бошланади.
Kun.uz билан суҳбатлашган психолог Мадина Шукуровага кўра, аввало аҳолининг тиббий саломатлиги жойида эмас. Одамларда йод танқислиги мавжуд.
“






