Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) соғлиқ учун хавфли бўлган майда чанг заррачалари — PM2,5 бўйича йўл қўйилиши мумкин бўлган меъёрларни белгилайди. Бу заррачалар ўпкага чуқур кириб бориши ва қонга ўтиши мумкин. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, PM2,5 таъсири нафас йўллари ва юрак-қон томир касалликлари, шунингдек, саратон билан боғлиқ.
Ҳаво ифлосланишини мониторинг қилувчи Швейцариянинг IQAir компанияси 143 та мамлакат, минтақа ва ҳудуддаги 9 446 та шаҳар маълумотларини таҳлил қилди. Тадқиқот натижалари «2025 йил учун жаҳон ҳаво сифати ҳисоботи»га киритилди.
ЖССТ белгилаган PM2,5 бўйича меъёр — бир куб метр ҳавода 5 микрограмм (мкг/м³). Фақат 13 та мамлакат ва ҳудуд шу меъёр доирасига тушган. Улар орасида Европада жойлашганлари фақат учта — Андорра, Эстония ва Исландия. Шунингдек, ҳавоси хавфсиз деб топилган мамлакат ва ҳудудлар қаторидан Австралия, Барбадос, Бермуд ороллари, Француз Полинезияси, Гренада, Янги Каледония, Панама, Пуэрто-Рико, Реюнон ва АҚШ Виргин ороллари ҳам ўрин олган.
Шундай қилиб, ўрганилган 143 та мамлакатнинг 130 тасида ҳаво ЖССТнинг хавфсизлик бўйича тавсияларига мос келмаган. Энг ифлос ҳавога эга бешта мамлакат қаторига Покистон (67,3 мкг/м³), Бангладеш (66,1 мкг/м³), Тожикистон (57,3 мкг/м³), Чад (53,6 мкг/м³) ва Конго Демократик Республикаси (50,2 мкг/м³) кирган.











