Украина Марказий Осиё билан яқинлашишни бошлади. Ташқи ишлар вазирлигида бу минтақа учун бошқарма ва вазирнинг махсус вакили иш бошлади, дейди Тошкентга келган вазир ўринбосари Олексанр Мишченко. Шунингдек, у Ўзбекистон президенти ва ТИВга Украинанинг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини қўллагани учун миннатдорлик билдирди.

Мен Ўзбекистонга Украина ТИВнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни сезиларли даражада фаоллаштириш тўғрисидаги қарори ортидан билан келдим. Биз вазирлигимизда Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалар бўйича махсус бўлинма, бошқарма ташкил этдик. Шунингдек, вазир Марказий Осиёдаги ишлар бўйича махсус вакилни тайинлади. Бу Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Виктор Майко бўлмоқда. У ҳам мен билан келган. Биз Тошкентда, Ўзбекистон ТИВда бўлдик, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорлик билдирдим. Биз учун бу икки томонлама муносабатларни белгилайдиган асосий масала”, дейди Украина ТИВ ўринбосари.

Олександр Мишченконинг қўшимча қилишича, уруш Ўзбекистон ва Украина савдо-иқтисодий ҳамкорлигига жиддий салбий таъсир этган.

Уруш бошлангунига қадар товар айланмамиз 770 млн доллардан ортиқ эди, ҳозир эса 300 миллион долларга тушди. Биз ўн йиллардан бери йиғилмаётган ҳукуматлараро комиссия ишини тиклаш ҳаракатидамиз. Бизнинг Ўзбекистонга таклиф қиладиган нарсаларимиз бор. Маҳсулотларимизни билишади, технологияларимизни билишади”, дея қўшимча қилди Мишченко.

Айтиш жоизки, бу 2022 йилнинг февралида уруш бошланганидан бери биринчи марта Украина ТИВдан Ўзбекистонга делегация келиши. Мишченко ва вазирнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Майко Ўзбекистондан аввал Қозоғистонда ҳам бўлган. Дипломатлар Ўзбекистоннинг гуманитар ёрдами ҳамда болалар учун дастуридан миннатдор.

Биз Ўзбекистондан, шахсан президентдан унинг дунёқараши, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашдаги принципиал позицияси учун миннатдормиз. Бу бизга янада ривожланиш имконини берадиган асосий тамойилдир. Ўзбекистон кўрсатган гуманитар ёрдам биз учун жуда зарур ва ҳукуматнинг болаларни соғломлаштириш бўйича қарори — бу ҳам умумий ғалабамизга қўшилган катта ҳисса. Ҳозир мен бу йил болаларни соғломлаштириш дастури қайта тикланиши ҳақидаги қарорни эшитдим, шунингдек, қандайдир гуманитар ёрдам кўрсатиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинади. Биз Украинани қўллаб-қувватлаган барчадан миннатдормиз. Кўпроқ қўллаб-қувватлайдими, камроқми, фарқи йўқ. Асосийси, қўллаб-қувватлаётгани. Бу энг муҳими. Чунки бугун бутун цивилизациялашган дунё бизни ўрта асрларга қайтармоқчи бўлганларга қарши курашиш учун бирлашмоқда. Биз эса ҳаммамиз олдинга интиламиз. Биз БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ мудофаа ҳуқуқимизни амалга оширмоқдамиз. Шунинг учун мен айтаман, биз Ўзбекистондан миннатдормиз ва бир-биримизни ўзаро қандай қўллаб-қувватлашимиз мумкинлиги устида ишлашда давом этамиз”, деди Украина ТИВ ўринбосари.