Урушда 14 кунлик сулҳ эълон қилинаркан, ҳар бир томон ўзини «ғолиб» деб эълон қилди. ОАВ билан гаплашган Эроннинг Ўзбекистондаги элчисига кўра, АҚШ ва Исроил ўз мақсадларига эриша олмади. Улар Эронни бўлиб ташлаб, фуқаролар уруши алангасини ёқишмоқчи эди, бироқ биз сезиларли ғалаба қозондик, дейди дипломат Али Искандарий.

28 февралда бошланган уруш оқибатида Эрон катта талафот кўрди, АҚШнинг эса халқаро обрўйига путур етди. Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши ҳозиргача бўлган даврда муҳим роль ўйнади ва охир-оқибат томонлар 14 кунлик сулҳга келишди. Бироқ бу ростдан ҳам ўт очишнинг тўхташими ёки кейинги босқичга тайёргарлик учун сунъий муҳлатми – буни вақт кўрсатади.  

ОАВда ушбу оташкесим учун Хитойнинг Эронга таъсири хусусида материаллар тарқаган. Kun.uz’нинг айни маънодаги саволига жавоб берган Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий фикрича, бирор давлат Теҳронга босим ўтказмаган. Аксинча, Хитой, Россия ва ҳаттоки Европа давлатлари ҳам биз томонимизда бўлди, дейди дипломат.

“Эронга авваламбор ҳеч ким босим кўрсатгани йўқ бу борада. Бу ерда кўпроқ Америка ва Исроилга босим кўрсатилди. Бошқа давлатлар томонидан эмас, балки бевосита ўзининг азалий иттифоқчилари томонидан. Биринчидан, НАТО бу урушга аралашмаганлигининг ўзи катта босим уларга. Иккинчидан Англия, айтайлик, уларнинг талабларини бажармаганлиги жиддий босим. Трамп бунга жавобан Буюк Британиянинг кемаларини масхара қилди, масалан, флотини масхара қилди ва булар ҳам босимнинг натижаси эди. Ҳа, албатта Хитой ҳам Америкага босим ўтказолди, мусулмон давлатларини ҳам мисол қилиб келтирсак бўлади. Менимча, мана шуни сал аввалроқ қилиш керак эди, шунда ўт очишни тўхтатишга олдинроқ рози бўлган бўлишарди. БМТда Хитой ва Россия биринчи марта Эрон манфаатлари учун ветодан биргаликда фойдаланди. Улар Ҳўрмузни БМТ Хавфсизлик кенгашидан фойдаланган ҳолда очишмоқчи эди, мажбурий тарзда, лекин Хитой ва Россия Эрон томонда туриб овоз берди”, дейди Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси.  

Дипломатнинг қўшимча қилишича, бу аксинча АҚШга босим эди.  

“Яъни бу бизга эмас, аксинча, Америка Қўшма Штатларига кўрсатилган босим деб биламиз. Биз уруш ва тинчлик каби ўта муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилишда, биринчи навбатда ўзимизнинг миллий манфаатларимизга асосланамиз. Яъни, биз Америкадек давлатга қарши чиқа олган эканмизми, демак бошқа давлатларнинг босимига бемалол қарши турамиз. Лекин бу ерда Хитой бизни қўллаб-қувватлади, Россия қўллаб-қувватлади, ҳатто европаликлар ҳам бизни қўллаб-қувватлашди. Албатта, айрим мамлакатлар уруш бошида масаланинг моҳиятини тушунишмаган эди, Америка нималар қилаётгани, мактабларни уриб ташлаётганини кўриб, фикрларини ўзгартиришди. Биз босим эмас, қўллаб-қувватлаш ва муҳаббат объектига айландик”,