Хоразмда 7 минг сўмдан палов сотган тадбиркор жаримага тортилди. Сурхондарёда афғон қозонлари ичига яширилган 190 кг наркотик модда аниқланди. Тошкентда бозорлар ва савдо объектларида давлат ёнғин назорати доирасида текширувлар ўтказилди, баъзилари электр таъминотидан узилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Хоразмда 7 минг сўмдан палов сотган тадбиркор жаримага тортилди
Урганч туманида мижоз жалб қилиш учун арзон нархда палов сотган тадбиркор маъмурий жазога тортилди.
Суд қарорига кўра, Шоҳруҳхон Қодиров туман ҳудудида умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланиб келган. У ижтимоий тармоқда 2026 йил 2 февралдан 4 февралга қадар Хоразм сузма паловини 7 минг сўмдан сотиши ҳақида эълон жойлаштирган. ЖИБ Урганч туман судининг 17 мартдаги қарори билан Шоҳруҳхон Қодиров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-1-моддасида назарда тутилган оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарлигини содир қилган деб топилди.
Хоразм вилояти суди берган изоҳга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида фуқароларни реклама, акция ва бошқа мақсадларда озиқ-овқат, буюмлар ҳамда бошқа маҳсулотлар ва товар-моддий бойликларни бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзонлаштирилган нархда сотиш орқали оммавий тадбирларга жалб қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Афғон қозонлари ичига яширилган 190 кг наркотик модда аниқланди
Сурхондарёда катта миқдордаги наркотик модда тўхтатилди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.
Маълум қилинишича, Афғонистондан «Термиз автойўл» халқаро ўтказиш пункти орқали кириб келган юк машинаси чуқурлаштирилган тартибда текширувдан ўтказилган. У олдиндан кузатувга олинган Денов шаҳрида яшовчи 35 ёшли ҳайдовчи бошқарувида бўлган.
Машина юкхонасида 750 дона афғон қозони бўлган. Текширувда уларнинг 210 донаси ичига хуфиёна тарзда 190 кг 800 грамм гашиш моддаси яширилгани аниқланган. Ушбу афғон қозонлари ишлаб чиқарувчи томонидан Марказий Осиё давлатларидан биридаги хўжалик юритувчи субъект номига юборилган.
















