2026 йил 13 апрелда Лондонда Ipak Yuli Bank Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан Савдо кўмаклашув дастури (Trade Facilitation Programme, TFP) доирасида келишув имзолади. Имзолаш натижасида Ipak Yuli Bank тасдиқловчи банк мақомини олди.

Дастурга қўшилиш банк мижозларига ЕТТБ кўмаги билан ҳужжатлаштирилган бизнеснинг замонавий воситаларидан — аккредитивлар ва банк кафолатларидан — фойдаланиш имконини беради. Бу халқаро савдони молиялаштириш соҳасидаги имкониятларни кенгайтириш ва банк мижозларининг ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

«ЕТТБ билан келишув имзолаш савдо молиялаштиришни ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланади. Бу бизга мижозларга халқаро ҳисоб-китоблар учун янада ишончли ва рақобатбардош ечимлар таклиф этиш имконини беради», — деди Ipak Yuli Bank Бошқарув раиси ўринбосари Форрух Исхаков.

Бундай ечимлар қаторида — Tradeloan ва факторинг, халқаро шартномалар билан ишлашда ва айланма маблағларни музлатиб қўймасликда бизнесга ёрдам бераётган савдо молиялаштириш воситалари мавжуд. Tradeloan муайян шартнома доирасида хорижий ҳамкорлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш имконини беради, факторинг эса мижоздан тўловни кутмасдан — товар жўнатилгандан сўнг дарҳол ҳисоб суммасининг 100% гача олиш имкониятини тақдим этади. ЕТТБ тасдиқловчи банки мақоми бу воситаларни янада ишончли қилади ва бизнесга халқаро савдонинг кенг имкониятларидан фойдаланишга ёрдам беради.

Шартлар ҳақида батафсил Ipak Yuli Bank веб-сайтида.

Ipak Yuli Bank ҳақида

1990 йилда мустақил Ўзбекистоннинг биринчи хусусий банки сифатида асос солинган Ipak Yuli Bank бугунги кунда 3,5 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатмоқда. Банк чакана, корпоратив ва инвестицион маҳсулотларнинг кенг доирасини тақдим этади, 5 миллиондан зиёд карталарни муомалага чиқарган ҳамда 950 дан ортиқ банкомат ва 20 000 POS-терминалдан иборат тармоққа эга.

Рақамли трансформациянинг етакчиларидан бири сифатида банк мижозлар тажрибасини яхшилаш ва барқарор ривожланишга алоҳида эътибор қаратади. Ipak Yuli Bank We-Finance Code ташаббусига қўшилган, ESG стандартларига амал қилади ва ISO 9001 ҳамда ISO 14001 халқаро сертификатларига эга. Банк акциядорлари қаторида DEG ва Triodos Investment Management каби нуфузли халқаро молия институтлари мавжуд.