Трамп президентликка қайтишидан олдин Такер Карлсон деган консерватив журналист ҳақида тез-тез гапирардик. Унинг Трампни фавқулодда қўллаши, Москвада Путин билан интервю олишга бориб, Украинадаги уруш ҳақида асоссиз гаплар айтгани учун танқид қилганимиз эсимда. Буни қарангки, ўшанда Трампни оғзидан бол томиб мақтаган Карлсон бугун Трампнинг сайланишига ёрдам берганидан афсусланиб юрибди.
АҚШнинг Эронда бошлаган уруши, Исроилнинг Америкага таъсири кўпчилик тасаввур қилганидан ҳам катта эканини кўрган Карлсон Трампни қўллагани нотўғри бўлганини тушуниб етибди. Карлсон жуда катта одам, республикачилар партиясининг Трампдан кейинги энг машҳур вакили деса ҳам бўлади. Шу сабаб бу мавзуга алоҳида видео тўхталсак, арзийди.
«Афсусдаман...»
«Трамп сайланишига ҳисса қўшганим учун ҳали узоқ вақт виждон азобида юрсам керак. Бу ҳолатда шунчаки фикримни ўзгартирдим, дейиш камлик қилади. Одамларни чалғитганим учун пушаймонман», деди журналист навбатдаги эфирларидан бирида.
Такер Карлсон Трампни сайлов олдидан қанақа қўллаб юрганини эсласангиз керак. Журналист республикачилар орасида машҳур, шу сабаб Трамп кампанияси вакиллари ундан унумли фойдаланиб қолишганди. Такер Байденни мазах қилар, Трампни қутқарувчидек кўрсатишга уринарди. Айниқса Украинадаги уруш масаласида Жо Байден маъмуриятини кескин танқид қиларди.
Карлсон уруш кетаётган бир вақтда Москвага бориб, Путин билан интервю қилиб келган. Катта эҳтимол тайёрланган саволларга тайёрланган жавобларни қулоғини қимирлатмай эшитиб келган Карлсон Путинга бир дона ҳам келишувдан ташқари савол беролмаганди. Бу интервю амалда Путинни оқлаш учун хизмат қилган, Кремл уни бажонидил барча саҳифаларида улашганди.
Карлсон Трамп сайланганидан кейин ҳам унинг тарғиботида фаол бўлди. Лекин Америка Эронда уруш бошлагач, унинг президентга нисбатан позицияси кескин ўзгарди. Ҳар қанча ғалати бўлмасин, Такер Карлсон Доналд Трампнинг Америкадаги энг ашаддий танқидчисига айланиб қолди. Демократлар орасида ҳам бунақа машҳур танқидчи тополмайсиз.
Карлсон Америка Эронга қарши Исроилнинг сўрови билан уруш бошлади деб ҳисоблаб, айнан шундан қаттиқ ғазабланишини яшира олмаяпти. Охирги бир неча ой давомида унинг интервюлари асосан Исроилнинг Америкага таъсири, яҳудийлар, мусулмонлар, насронийлар, Эрондаги уруш ҳақида бўлмоқда.
Феврал ўрталарида Карлсон Исроилга бориб, Американинг бу давлатдаги элчиси Майк Хакаби билан интервю уюштирди. Бу суҳбатни бутун дунёда кенг муҳокама қилишди, давлатлар унда айтилган гаплар бўйича изоҳ талаб қилди, норозилик билдирди.















