Россия президенти хавфсизлиги учун масъул ҳисобланган Федерал қўриқлаш хизмати (ФСО) эҳтимолий суиқасдлардан хавфсираётгани туфайли Владимир Путинни ҳимоя қилиш чораларини сезиларли даражада кучайтирган. Европа мамлакатларидан бирининг разведкаси шундай хулосага келган, «Важные истории», шунингдек, CNN ва Financial Times нашрлари журналистлари ушбу ҳисобот билан танишиб чиққан.
Чораларнинг бир қисми президентнинг ўзига ҳам тааллуқли. Бундай чоралар орасида қуйидагилар бор:
- Путин ҳафталаб вақтини модернизация қилинган бункерларда ўтказади – бундай жойлардан бири Краснодар ўлкасида жойлашган (Россия нашрлари эса унинг фаолияти ҳақидаги ҳисоботлар учун олдиндан тайёрлаб қўйилган видеоматериаллардан фойдаланмоқда).
- Путин ташриф буюрадиган жойлар рўйхати жиддий даражада қисқартирилган: унинг ўзи ҳам, оиласи аъзолари ҳам энди Москва областидаги ва Валдайдаги қароргоҳга бормаяпти.
- 2026 йилда Путин бирор марта ҳарбий объектларга бормади, ҳолбуки ўтган йили бундай сафарлар мунтазам тус олганди.
Бошқа хавфсизлик чоралари эса Путин билан ишлайдиган ходимларга тегишли:
- Унинг яқин ходимларининг уйларида кузатиш тизимлари ўрнатилган.
- Президентга хизмат қиладиган ошпаз, тансоқчи ва фотосуратчиларга жамоат транспортидан фойдаланиш тақиқланган, президент маъмурияти ҳудудида эса улар икки босқичли текширувдан ўтади, жумладан, Федерал қўриқлаш хизмати томонидан синчиклаб текширилади.
- Путиннинг ёнида ишлайдиган ходимлар фақат интернетга кира олмайдиган телефондан фойдаланиши мумкин.
Хавфсизлик чораларини кучайтириш кенг кўламли текширувларни ўз ичига олади, энди ФСО ходимлари текширишда кинология бўлинмаларидан фойдаланмоқда. Қўриқчилар дронларнинг эҳтимолий ҳужумига тезкор реакция кўрсатиш учун Москва дарёси ёқалаб жойлаштирилган. Бундан ташқари, Москванинг алоҳида районларида вақти-вақти билан алоқа тармоқлари ўчирилади, дея ёзади «Важные истории». Журналистлар таъкидлашича, Путинга алоқадор ҳар қандай ахборот эълон қилинишидан олдин Федерал қўриқлаш хизмати билан келишилиши керак.
Чораларнинг бир қисми РФ қуролли кучлари Бош штаби оператив тайёргарлик бошқармасини бошқарган генерал-лейтенант Фанил Сарваров ўлдирилишидан кейин жорий этилган. 2025 йил декабрида Сарваровнинг автомобили Москвадаги уйи олдидаги тураргоҳда портлатиб юборилган, ушбу қотиллик муҳокамаси вақтида кучишлатар тузилмалар вакиллари ўртасида ихтилоф келиб чиққан, дея қайд этади Европа разведкаси.

















