Карлови Вари – Чехиянинг ғарбий қисмида, Богемиянинг яшил тепаликлари бағрида жойлашган машҳур курорт шаҳар. У ўзининг термал минерал булоқлари билан бутун Европада танилган бўлиб, асрлар давомида тикланиш, даволаниш ва руҳий хотиржамлик излаган инсонларни ўзига жалб қилиб келади.

Нега айнан Карлови Варига саёҳат ота-оналар учун энг яхши совға?

Карлови Вари шовқин-сурондан йироқ, табиат қучоғидаги сокин муҳитга эга шаҳар. Бу ерга одамлар фақат дам олиш учун эмас, ўз саломатлиги ва ички мувозанатини тиклаш учун келади.

Кўп ҳолларда ота-оналар йиллар давомида оила, фарзандлар ва уй-рўзғор ташвишлари билан банд бўлиб, ўзлари учун вақт ажратишни кейинга суриб қўяди. Карлови Вари эса уларга айнан шу имкониятни беради: сукунат, даволовчи сувлар, енгил сайрлар ва табиий муолажалар орқали ўзини қайта ҳис қилиш имкони.

Дам олиш учун қанча вақт керак?

Агар мақсад тўлиқ соғломлашиш бўлса, 2 ҳафталик саёҳат энг мақбул вариант ҳисобланади. Бу вақт давомида индивидуал даволаш дастурини танлаш, шифокор маслаҳатлари олиш ва минерал сувлар курси орқали максимал самарага эришиш мумкин.

Cёҳат кўпроқ Европанинг атмосферасини ҳис этиш, шаҳар бўйлаб сайр қилиш ва умумий дам олиш учун бўлса, 7 кун ҳам етарли ҳисобланади.

Карлови Варида қандай касалликлар даволанади?

Бу курорт асосан ҳазм тизими ва модда алмашинуви билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга ихтисослашган. Даволаш асосини минерал сув ичиш курси ташкил қилади ва у ҳар бир инсон учун алоҳида белгиланади.

Карлови Вари қуйидаги ҳолатларда тавсия этилади:

• ошқозон-ичак тизими касалликлари;

• сурункали гастрит ва ҳазм бузилишлари;

• жигар ва ўт пуфаги касалликлари;

• ошқозон ости бези муаммолари;

• модда алмашинуви бузилишлари;

• қандли диабет;

• семизлик;

• подагра;

• таянч-ҳаракат тизими касалликлари.