Шимолий Корея конституциясига мамлакат етакчиси Ким Чен Ин ҳалок бўлган тақдирда армияни автоматик равишда ядровий зарба беришга мажбур қиладиган модда киритилди. Бу ҳақда The Telegraph Жанубий Корея Миллий разведка хизмати брифингига таяниб хабар берди.

Қайта кўриб чиқилган Конституцияда Ким Чен Ин энди Давлат кенгаши раиси сифатида кўрсатилган ва бевосита давлат раҳбари сифатида белгиланган. Давлат кенгаши раиси КХДР ядровий кучларига қўмондонлик қилади. Ким Чен Ин ядро кучларининг ягона қўмондони сифатидаги мақоми қонунда алоҳида таъкидланган.

The Telegraph нашрининг таъкидлашича, агар ядровий кучларни бошқариш тизими душман ҳужуми туфайли хавф остида қолса, «ядровий зарба автоматик равишда ва зудлик билан амалга оширилади».

Жанубий Кореянинг ҳисоб-китобларига кўра, КХДР 60 га яқин ядро каллаклари ва 2 тоннага яқин юқори даражада бойитилган уранга эга.

Тузатишлар 22 март куни Пхенянда бўлиб ўтган 15-чақириқ Олий халқ мажлисининг биринчи сессиясида қабул қилинди. Ўзгаришларга Америка-Исроилнинг Эронга қўшма зарбалари сабаб бўлиши мумкин, натижада мамлакат олий раҳбари Али Хоминаий ва унинг атрофидагиларнинг бир қисми ҳалок бўлган эди, деб ёзди The Telegraph.