13-15 май кунлари Пекинга ташриф билан келган АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой етакчиси Си Жинпинг билан музокаралар ўтказди. Ташриф якунида Хитой Boeing самолётларини ва Америка соясини кўпроқ сотиб олиши ҳақида ноаниқ келишув бор эди, холос. Бундан ташқари, Эрон ва Ҳўрмуз бўғозини очиш ҳақида мунозаралар бўлди. Фентанил ишлаб чиқаришда ишлатиладиган кимёвий моддаларга қарши курашиш каби бошқа масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Аммо, икки қудратли давлат музокараларда – ўзаро ихтилоф манбаи бўлган Яқин Шарқ, савдо, Тайван, ядро қуролларининг тарқалиши, сунъий интеллект ёки бошқа сон-саноқсиз масалаларнинг бирортаси бўйича жиддий силжишлар қилмади.
New York Times'нинг ёзишича, Трамп, бунинг ўрнига Хитой раҳбари билан шахсий алоқа ўрнатишга — бошқача дипломатия турига мойил бўлиб кўринмоқда.
Доналд Трамп пайшанба куни Пекиндаги банкетда Сининг шарафига «менинг дўстим» дея қадаҳ кўтарди. Жума куни камералар қаршисида ўтиришганида у «ҳақиқатан ҳам дўстга айлангани»ни айтди.
President Trump delivers remarks at the state banquet dinner at the Great Hall of the People: "It was a fantastic day, and in particular, I want to thank President Xi, my friend, for this magnificent welcome... and for so graciously hosting us on this very historic state visit." pic.twitter.com/btp6ByzX2V
— Breaking911 (@Breaking911) May 14, 2026
Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмийси эса Си Трампни дўст деб ҳисоблайдими ёки йўқлиги ҳақидаги саволга қолипдаги расмий гап билан жавоб берди: «икки томон муҳим масалалар бўйича фикр алмашди».
Трампнинг ўзи эса Пекиндаги саммитни катта муваффақият сифатида олқишлади ва Хитойнинг узоқ йиллик раҳбари билан шахсий алоқа ўрнатганини алоҳида таъкидлади. Бироқ Сининг вазминроқ оҳанги ва ҳар қандай йирик келишувлар бўйича аниқлик йўқлиги кўриниб турганди, дейди нашр.









