Мактаб ўқувчилари ўртасидаги миллий китобхонлик ҳаракати танловида 50 минг АҚШ долларигача бўлган пул мукофотлари жорий этилди. Июнда ҳарорат меъёрдан бироз юқори бўлиши кутилмоқда. Сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланиш чоралари белгиланди. Тошкентда солиқ ходимлари пора билан қўлга тушди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Китобхон ёшлар учун 50 минг долларлик мукофот жорий этилди

Мактаб ўқувчилари ўртасида миллий китобхонлик ҳаракати йўлга қўйилиб, ғолиблар учун 50 минг АҚШ долларигача бўлган пул мукофотлари жорий этилди. Бу президентнинг «Ёшлар орасида китобхонлик дастурини кенг жорий этиш ва уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармойишида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида миллий китобхонлик ҳаракати ўтказилади.

Дастур уч босқичда ташкил этилади — биринчи босқич kitobxonlikharakati.uz электрон платформаси орқали онлайн тарзда, иккинчи ва учинчи босқичлар вилоят ҳамда республика даражасида офлайн форматда. Биринчи ўрин соҳиблари 50 минг АҚШ доллари, иккинчи ўрин соҳиблари 30 минг доллар, учинчи ўрин соҳиблари эса 15 минг доллар миқдорида мукофот олади.

Июнда ҳарорат меъёрдан бироз юқори бўлиши кутилмоқда

2026 йилги июн ойи беқарор ва ўртача илиқ об-ҳаво билан бошланади, деб хабар берди Ўзгидромет.

1–3 июн кунлари республиканинг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, шамол тезлиги 15–20 метр/сониягача кучаяди. Ҳарорат асосан кечалари +15…+20 даража, кундуз кунлари +30…+35 даража бўлади.

Кейинчалик ой охиригача ҳарорат асосан кечалари +18…+23 даража, кундуз кунлари +29…+34 даражадан +34…+39 даражагача ўзгариб туради, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда айрим кунларда +40…+42 даражагача бўлади. Ойнинг биринчи ярмида айрим кунларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Бу йил ёзнинг ўртача ҳарорати меъёрдан бироз юқори бўлиши кутилмоқда. Ёз ўрталарида энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати +42…+44 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +45…+47 даражагача кўтарилиши мумкин.