Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июн куни “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонун – эскирган уйлар ва нотурар жойлар ўрнида янгиларини барпо этишни кўзда тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш қоидаларини белгилайди.

Ҳужжатдаги таърифга кўра, шаҳарсозлик реновацияси – ҳудудни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилаш, ҳудуддаги бино-иншоотларни яшаш учун қулай ва энергия самарадор ҳолатга келтириш демакдир.

Қонун 6 ойдан кейин – 2026 йил 12 декабрдан кучга киради.

Реновация учун асослар

Ҳужжатга кўра, шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш учун қуйидагилар асос бўлади:

  • ҳудудда жойлашган турар ва нотурар жойларнинг эскиргани, яшаш ва фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб, авария ҳолатига келиб қолгани;
  • ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларнинг мавжудлиги.

Реновация доирасида мавжуд объектлар асосий конструкциясини ўзгартирмасдан реконструкция қилиниши ва/ёки мавжуд объектлар бузилиб, ўрнида худди шу тоифадаги янги объектлар қурилиши мумкин. Шунингдек, реновация асосида яшил ҳудудлар ва бошқа ҳудудий зоналар ташкил этишга ҳам йўл қўйилади.

Ҳуқуқ эгаларидан розилик олиш

Қонунда реновация зонасидаги кўчмас мулк объектларининг эгалари ва ер участкаларига нисбатан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдалиниш, ижара (иккиламчи ижара ҳуқуқи бундан мустасно), мулк ҳуқуқи ёки бошқа ҳуқуқ тури асосида эгалик қилаётган жисмоний ёки юридик шахслар “ҳуқуқ эгалари” атамаси остида бирлаштирилган.

Реновация лойиҳаси ҳудудий ҳокимлик томонидан кўриб чиқишга қабул қилиниши учун ҳуқуқ эгаларининг камида бешдан тўрт қисмининг нотариал тасдиқланган ёзма розилиги талаб этилади.

Агар реновация ҳудудидаги кўп квартирали уй ваколатли орган томонидан авария ҳолатига келиб қолган ёки мазкур уйда яшаш фуқаролар ҳаёти ва хавфсизлигига хатарли деб топилган тақдирда, ҳуқуқ эгаларининг камида бешдан тўрт қисми уни ёқлаб