Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Атом энергетикаси соҳасида билим ва малакалар минтақавий маркази Тошкент шаҳридаги «ММФИ» Миллий тадқиқот ядро университети филиали таркибида алоҳида таркибий бўлинма сифатида ташкил этилади.

Ҳужжатга мувофиқ, марказ Марказий Осиё давлатлари мутахассислари учун атом энергетикаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва хавфсиз эксплуатация қилиш бўйича халқаро стандартларга мос ўқув модуллари ҳамда амалий тренинглар ташкил этади. Шунингдек, замонавий ўқув лабораториялари ва атом электр станцияси симуляторлари базасида ўқув машғулотлари ўтказилади.

Марказнинг асосий вазифалари қаторига миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш бўйича эксперт-консалтинг хизматлари кўрсатиш, атом энергетикаси соҳасида минтақавий кадрлар захирасини шакллантириш, талабалар ва ёш олимларнинг академик алмашинувини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистоннинг атом энергетикаси тажрибасини минтақа давлатларига тарқатиш киради.

Қарорга мувофиқ, бир ой муддатда марказ тўғрисидаги низом ва ташкилий тузилма тасдиқланади, уч ой ичида эса уни малакали кадрлар билан тўлдириш чоралари кўрилади.