Самарқандда темирйўл ўтказилган дамба ўпирилди. Тошкент вилоятида иссиқхоналарни демонтаж қилиш бошланди. Навоийда 34,8 млрд сўм кешбэк ўзлаштириб юборилгани фош этилди. Тошкентдаги канализация қувурида йирик авария юз берди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Самарқандда темирйўл ўтказилган дамба ўпирилди
Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани ҳудудидан ўтган янги темирйўл тармоғида фавқулодда ҳолат рўй берди. Kun.uz ихтиёрига келиб тушган видеода дарё суви темирйўл ўтказилган дамбани ювиб кетгани, оқибатда релслар таянчсиз қолганини кўриш мумкин.
Ҳодиса Дўстлик маҳалласи ҳудудида, темирйўлнинг Зарафшон дарёси ёқалаб ўтган қисмида содир бўлган. У 2025 йил ноябрида фойдаланишга топширилган «Самарқанд – Ургут» янги темирйўл тармоғининг бир қисми ҳисобланади. Лойиҳа доирасида Самарқанд ва Ургут ўртасида 55,4 километрлик янги темирйўл қурилган, иккита вокзал, иккита тўхташ пункти, иккита кўприк ҳамда юздан ортиқ сунъий иншоотлар барпо этилган эди. «Ўзбекистон темирйўллари» лойиҳа тақдимотида айнан Зарафшон дарёси қирғоғидан ўтган темирйўл изларини сув оқимидан ҳимояловчи дамба қурилгани ҳақида маълум қилганди.
Тошкент вилоятида иссиқхоналарни демонтаж қилиш бошланди
Махсус комиссия томонидан Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент, Зангиота ва Юқори Чирчиқ туманларида жойлашган иссиқхоналарни демонтаж қилиш ҳамда уларни сунъий иситиш тизимларидан узиш ишлари бошланди.
Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорларига кўра, Тошкент вилояти тадбиркорлари Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасига иссиқхоналарни кўчириши мумкин. Уларга кўчириш шартлари, имтиёзлар ҳамда бошқа муҳим масалалар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шундан сўнг иссиқхоналар сунъий иситиш тизимларидан узилади ва тегишли шартномалар бекор қилинади.
2028 йил 1 апрелга қадар «Сурхон-Агро» ҳудудига кўчириладиган иссиқхоналар учун уларни демонтаж қилиш, ташиш ҳамда қайта ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар ер майдонининг ҳар бир сотихи учун 500 минг сўмгача миқдорда бир марталик тартибда қоплаб берилади.













