Ўтган йили фойдаланишга топширилган Самарқанд–Ургут темирйўлининг Зарафшон дарёси ёқалаб ўтган қисми табиат синовига дош беролмади. Дарё сатҳи кўтарилиб, оқим кучайиши билан соҳилдаги релслар таянчсиз қолди. Kun.uz мухбири воқеа жойидан репортаж тайёрлади.
Ҳодиса жойига етиб боришингиз билан энг аввал кўзга ташланадиган манзара – Зарафшон дарёсининг ҳажми.
Дарё айрим жойларда қарийб 500 метргача кенгайган. Кучли оқим қирғоқ чизиғини сезиларли даражада ўзгартирган, сув темирйўлга жуда яқин келиб қолган.


Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда сув темирйўл ўтган кўтармани ювиб кетгани, релсларнинг бир қисми эса ҳавода қолганини кўриш мумкин.
Ҳозирги вақтда дарё қирғоғини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. Темирйўлнинг шикастланган қисми эса тикланяпти.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ изоҳига кўра, ҳодисага Зарафшон дарёсида сув сарфининг кескин ошгани сабаб бўлган.
Мазкур темирйўл қурилишида иштирок этган муҳандис-технолог Дилшод Тўлагановнинг айтишича, ўтган йили қурилиш ишлари олиб борилган пайтда дарёнинг ўзани ҳозирги ҳолатидан анча узоқда бўлган.


“Темир йўл қурилаётган вақтда дарё темирйўлга бунчалик яқин эмасди. Темирйўл билан дарё ўртасидаги кўтарма махсус техникалар ёрдамида бир неча марта зичлаштирилган. Аммо бу сафар сув миқдори ҳам, оқим тезлиги ҳам жуда катта бўлган. Бу каби ҳолатни сўнгги йилларда кўрмаганмиз. Ҳозирги пайтда ҳудудда юздан ортиқ махсус техника ишлаяпти. Асосий мақсад – темир йўлни имкон қадар тезроқ қайта тиклаш”, – дейди у.









