Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энди хорижга ишга жўнатувчи тадбиркорлар электрон хавф таҳлилидан ўтказилади
Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган фуқароларни ишга жойлаштириш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолияти энди электрон хавф таҳлили тизими орқали баҳоланади. Янги тартиб қонунбузарлик хавфини автоматлаштирилган тарзда аниқлаш ва назорат чораларини хавф даражасига қараб ташкил этишни назарда тутади.
Адлия вазирлиги томонидан «Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолият устидан назоратни амалга оширишда “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида»ги низом давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳужжат 2026 йил 9 июл куни 3895-сон билан рўйхатдан ўтган.
Низомга кўра, хорижда ишга жойлаштириш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунчилик бузилиши эҳтимоли автоматлаштирилган тарзда баҳоланади.
Хавф даражасини аниқлашда давлат органларининг ахборот тизимлари, статистик маълумотлар, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланилади.
Шу билан бирга, хавф таҳлилини ўтказиш жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжатлар ёки маълумотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.
Янги тартибга мувофиқ, ҳуқуқбузарлик хавфи юқори, ўрта ва паст тоифаларга ажратилади. Юқори ва ўрта хавф тоифасига кирувчи субъектларга нисбатан қонунчилик асосида профилактика тадбирлари ва текширувлар ўтказилиши мумкин.
Паст хавф тоифасига киритилган тадбиркорлик субъектларида эса текширувлар амалга оширилмайди.
Низомда алоҳида қайд этилишича, электрон тизим томонидан аниқланган хавф даражаси тадбиркорлик субъектига нисбатан тўғридан-тўғри таъсир чораларини қўллаш учун мустақил асос ҳисобланмайди.
Мавзуга оид
20:43 / 05.07.2026
Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди
11:31 / 02.07.2026
Германияга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
10:30 / 29.06.2026
Энди кино соҳасидаги тадбиркорлар хавф даражаси бўйича баҳоланади
14:32 / 13.06.2026