Жамият | 17:44
557
3 дақиқада ўқилади

Маҳалла раисига боғча ва мактаб қуриш учун ерни аукционга чиқариш ваколати берилади

Президент Шавкат Мирзиёев маҳалла раисларига янги ваколатлар берилишини маълум қилди. Энди улар ҳудудда хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун ерларни аукционга чиқариш, шунингдек, “маҳалла еттилиги” ишини мувофиқлаштириш ҳуқуқига эга бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июль куни “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маҳаллаларда солиқ тушумлари, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича масъулларга саволлар қўйилди. Давлат раҳбари маҳалла одамлар учун чинакам “ишонч, таянч ва имкониятлар маркази” бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Янги Қува маҳалласи мисолида аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш бўйича янги тартиб кўрсатиб ўтилди. Ушбу маҳаллада 51 нафар ишсиз фуқаро бор, уларнинг 4 нафари агротехникумни битирган ва хонадонида 10 сотихдан томорқаси мавжуд.

Маҳалла раиси томорқада гул кўчатига ихтисослашган енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун маҳалла банкирига буюртма беради. Қолган ишсиз аҳоли бўйича ҳам маҳалла раиси ким тадбиркор бўлмоқчи, қайси оила даромадини оширмоқчи, кимга кредит, ускуна ёки ер кераклигини аниқлаб, банкирга аниқ вазифа қўяди.

Янги Қува маҳалласида боғча етишмаслиги сабаб 50 нафар бола қўшни маҳаллага қатнаяпти, ҳудудда эса 70 сотих бўш ер бор. Шу муносабат маҳаллаларда хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун ерни аукционга чиқариш ваколати ҳам маҳалла раисига берилади.

Давлат раҳбари маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, тозаликни таъминлаш ва даромадни кўпайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларда ташаббускор бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Бундай лойиҳалар учун “маҳалла еттилиги”га 10 миллион сўмдан грант ажратилади. Агар 8 минг 992 та маҳалланинг ҳар бирида биттадан шундай лойиҳа амалга оширилса, ҳудудлардаги муҳит сезиларли ўзгаради. Ушбу мақсадлар учун жами 240 миллиард сўм ресурс шакллантирилади.

Маҳалла раиси ўз ҳудудининг ҳақиқий бошқарувчиси бўлиши шарт. Бунинг учун у ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, профилактика инспектори, солиқчи ва маҳалла банкирининг ҳафталик ҳамда ойлик иш режасини тасдиқлаб беради. Раис “еттилик” аъзоларига аниқ вазифа қўйиб, улардан сўров қилиб боради.

Шунингдек, “еттилик” фаолиятини методик қўллаб-қувватлаш ва ҳудуддаги муаммоларга илмий ёндашиш учун Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади. У “еттилик”ни ўқитади, маҳаллалардаги долзарб масалаларга илмий ечимлар ишлаб чиқади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид