CAEx кўргазмалар залида “Silk Road Finance & Technology Forum - 2026” ўтказилмоқда. Унда 60 га яқин давлатдан банклар, тўлов тизимлари, финтех компаниялари ва технологик бизнес вакиллари жамланган. Форумда трансчегаравий тўловлардан тортиб сунъий интеллект, токенизация ва киберхавфсизликкача бўлган масалалар кўриб чиқиляпти.
Тадбир доирасида Ўзбекистонда тўлов хизматларининг янги шакллари намойиш қилинди. Хусусан, HUMO компанияси тўлов узугини тақдим этди. У орқали харид учун банк картаси ёки смартфондан фойдаланишга ҳожат йўқ: узукни контактсиз тўлов терминалига яқинлаштиришнинг ўзи кифоя.
“Яқинда ушбу маҳсулотни бозорга чиқардик. Ҳозирда HUMO’нинг махсус саҳифаси орқали тўлов узугига олдиндан буюртма бериш мумкин. Қисқа вақт ичида Тошкентда узукларни олиш имконияти мавжуд махсус нуқта ҳам ишга туширилади. Бу Ўзбекистон учун янги ва ноодатий тўлов усулларидан бири. Мазкур технология ҳали кўплаб мамлакатларда мавжуд эмас”, – дейди HUMO миллий тўлов тизими Бошқарув раиси Александр Сотников.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай технологияларнинг оммалашуви келгусида пластик карта ёки смартфонга боғлиқлик камайиб, тақиладиган қурилмалар орқали тўловлар улушини ошириши мумкин.

Форумнинг дастлабки кунида HUMO ва Gorgona AI компанияси ўртасида тўлов хизматларида сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унинг асосий миссияларидан бири “агент тўловлари” тизимини ишлаб чиқишдир.
Маълум қилинишича, ушбу концепция доирасида сунъий интеллект агентига фойдаланувчи номидан муайян молиявий операцияларни амалга ошириш учун рухсат берилади.
“Мазкур йўналишдаги энг муҳим масалалардан бири сунъий интеллектга бериладиган ваколатларни аниқ белгилаш ҳисобланади. Фойдаланувчи агентга маълум топшириқни юклайди, тизим эса ана шу доирада ҳаракат қилади. Шу сабабли, транзакциялар хавфсизлиги, фойдаланувчи назорати ва белгиланган лимитларга риоя қилиш технологияни жорий этишдаги асосий талаблар бўлади. Ҳозир биз ушбу механизмларни ишлаб чиқиш ва хавфсиз синовдан ўтказиш устида фаолият юритяпмиз. Мақсадимиз тўлов жараёнини фойдаланувчи учун янада содда ва қулай қилишдан иборат”, – дейди HUMO миллий тўлов тизими Бошқарув раиси Александр Сотников.











