New York Times нашри, шахсини очиқламаслик шарти билан гапирган АҚШнинг икки расмийсига таяниб маълум қилишича, Трамп маъмурияти чоршанба куни саудияликлар билан келишувни расман имзолашни ва эълон қилишни режалаштирмоқда.

Келишувнинг тафсилотлари тез орада Конгрессга ҳам тақдим этилади. Нашрга кўра, ушбу келишув Қиролликка ядровий реакторлар учун ўз ёқилғисини бойитиш имконини бериши мумкин.

Битим Эрон билан уруш муносабатларни таранглаштираётган бир пайтда Қўшма Штатларни Саудия ҳукумати билан янада мустаҳкамроқ боғлашга қаратилган. Расмийларга кўра, Трамп маъмурияти ушбу келишув АҚШ ядро саноатига миллиардлаб доллар даромад келтиришини тахмин қилмоқда.

Битим тафсилотлари

Доналд Трамп ва МБС ўтган йили ноябрда Оқ уйдаги учрашувда АҚШ-Саудия фуқаролик ядро ҳамкорлигини давом эттиришга келишиб олганди. Ўшандан бери АҚШ ва Саудия расмийлари режани муҳокама қилмоқда.

Битим саудияликлар билан эришилган иккита махфий қўшимча хатни ўз ичига олади. Маъмурият уларда махфий тижорат маълумотлари мавжудлигини ва нозик миллий хавфсизлик масалаларига дахлдорлигини таъкидлаши кутилмоқда. Аммо Конгресснинг айрим аъзолари ушбу хатлар тўлиқ ошкор қилинмагунча битим учун овоз бермаслиги мумкин.

Трамп маъмурияти Саудия Арабистони билан эришган келишув тури «1 2 3 Келишув» деб аталади. У давлатлар ўртасида ядровий ҳамкорлик бўйича юридик мажбурий базани белгилайди. Бундай келишув мажбуриятлари ядро қуролининг тарқалмаслигини таъминлашга қаратилган.

NYT'нинг ёзишича Трамп қиролликнинг де-факто раҳбари, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан келишувга эришиш учун халқаро инспекторларнинг ҳар қандай объектларга боришини чеклашга доир шартларга рози бўлган. Бундай инспекторлар эса ёқилғини қурол лойиҳаларига йўналтириш йўли бўлиши мумкин, деб ҳисоблаган объектларни текширади.