Синовлар халқаро Farnborough International Airshow авиасалони арафасида ўтказилди. Лойиҳа NASA, BETA Technologies ва Boeing компаниялари ҳамкорлигида амалга оширилди.
Муҳандислар синовлар учун махсус ўзгартирилган Saab 340B турбовинтли самолётидан фойдаланди. Самолёт 9,1 километрдан юқори баландликка кўтарилиб, одатий йўловчи авиалайнерлари крейсер баландлигида парвоз қилди.
Синовларнинг энг узоқ босқичида гибрид-электр куч қурилмаси икки соатдан ортиқ вақт давомида узлуксиз ишлади.
Икки турдаги двигател бир тизимда ишлайди
Лойиҳанинг асосини GE Aerospace томонидан ишлаб чиқилган мегаватт тоифасидаги гибрид-электр куч қурилмаси ташкил этади. У юқори кучланишли электр тизими билан жиҳозланган.
Тўлиқ электр самолётларидан фарқли равишда, бу технология анъанавий газ турбинали двигател ҳамда электр двигателини бирлаштиради.
Парвознинг турли босқичларида тизим икки энергия манбаи ўртасида юкламани автоматик тақсимлайди. Бу ёқилғи сарфини камайтириш билан бирга, тижорий авиация учун зарур бўлган парвоз хусусиятларини сақлаб қолиш имконини беради.
Махсус конструкция синов учун яратилди
Экспериментал двигател Saab 340B самолётининг ўнг томонига ўрнатилган махсус мотогондолага жойлаштирилди.
Бундай конструкция юқори қувватли электр жиҳозларини парвоз пайтида самарали совитиш имконини берди.
Комплекс таркибига электр двигателлари, қувват ўзгартиргичлари, инверторлар, бошқарув тизимлари, редукторлар, ҳаво винтлари, иссиқлик алмаштиргичлари, айланиш моментини ўлчовчи датчиклар ва электр симлари киради. Улар анъанавий CT7 турбовинт двигатели билан биргаликда ишлайди.
Аккумулятор батареяларини BAE Systems етказиб берган бўлса, мотогондо конструкциясини Boeing компаниясига қарашли Aurora Flight Sciences ишлаб чиққан.
Атлантика устида ҳам гибрид режимда парвоз қилди
GE Aerospace ва BETA Technologies синов учувчилари АҚШда бир қатор парвозларни амалга оширгач, самолётни Атлантика океани орқали Буюк Британияга олиб ўтди.
Трансатлантика парвози давомида гибрид куч қурилмаси доимий равишда гибрид режимда ишлади.
Синовлар вақтида электр двигатели нафақат ҳаво винтини ҳаракатга келтирди, балки парвоз жараёнининг ўзида аккумулятор батареяларини қайта зарядлаш учун электр энергияси ҳам ишлаб чиқарди.
Мутахассислар таъкидлашича, ушбу муваффақият гибрид-электр технологияларини келажакда тижорий авиацияда кенг жорий этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Гибрид самолёт авиацияда янги рекорд ўрнатди
08:54 / 24.07.202616 1943 мин
GE Aerospace компанияси гибрид-электр куч қурилмаси билан жиҳозланган самолётни илк бор 9,1 километрдан ортиқ баландликда муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу кўрсаткич йўловчи авиалайнерлари одатда парвоз қиладиган баландликка тенг бўлиб, тижорий авиацияда электрлаштирилган двигателлардан фойдаланиш йўлида муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда.











