Тизимдаги жиддий камчиликлар учун энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовдан ташқари «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари Асроржон Асқаров ҳам лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 27 июлдаги селекторда маълум қилди.

Шунингдек, «Миллий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр станциялари», «Трансгаз» ва «Ҳудудгаз» раҳбарларига йил якунигача синов муддати белгиланган. Натижа бўлмаса, улар ҳам ишдан кетиши ҳақида огоҳлантирилди.

Асқаров «Ҳудудий электр тармоқлари»га 2024 йил декабридан буён раҳбарлик қилаётганди. Энди унинг ўрнини Сардор Исақулов эгаллайди.

Президент йиғилишда янги энергетика вазири Шерзод Ходжаев, «Ҳудудий электр тармоқлари»нинг янги раҳбари Сардор Исақулов ва Энергия инспекциясининг янги бошлиғи Аҳад Исоқжонов бугундан янгича иш услубини жорий қилиши шартлиги таъкидланди.

«Ҳокимлар ҳам „Бу энергетикларнинг иши“ деб хотиржам ўтиришга ҳаққи йўқ. Сўров қаттиқ бўлади», – деди президент.

Бугунги кунда айрим ҳокимларда инфратузилмани яхшилаш бўйича аниқ ҳисоб-китоб мавжуд эмаслиги қайд этилди. Тармоқдаги йўқотишлар 17,2 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган олти ойда 4,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси йўқотилган.

Андижон шаҳри, Асака, Янгиобод, Косон, Кўкдала, Бойсун, Олтинсой, Қўштепа, Тошлоқ, Қўшработ ва Самарқанд туманида йўқотишлар 25 фоиздан юқори.

ASKUE ва ASKUG тизими жорий қилинганига тўрт йилдан ошган бўлса-да, аҳоли хонадонларига ўрнатилган 300 мингта газ ва 234 мингта электр ҳисоблагич тармоққа маълумот узатмаяпти. Оқибатда айрим ҳудудларда дебитор қарздорлик камайиш ўрнига кўпаймоқда.

Лекин кўп раҳбарлар самарадорлик деганда фақат қуёш панели ўрнатишни тушуниб юргани, уй энергия самарадор бўлмаса, сарфланган маблағ беҳуда кетавериши қайд этилди.

Маълумот учун, «ҲЭТ»нинг янги раҳбари Сардор Исақулов 1986 йилда Тошкент вилоятида туғилган. 2011 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 2006 йилда Марказий магистрал электр тармоқлари электр энергияси узатилишини ҳисоблаш бўлимида электр монтёри вазифасидан бошлаган. Шунингдек, Энергетика вазирлигида масъул вазифаларда ишлаган.

2023 йил июлидан «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш, коперацион алоқаларни кенгайтириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2024 йил апрелидан буён Тошкент вилояти Паркент туманига ҳокимлик қилаётганди.