Исроил бош вазири ва АҚШ президенти Эрон билан уруш бошланганидан бери илк марта юзма-юз кўришди. Нетаняҳу урушни давом эттиришга кўндириш орқали, октябрдаги сайловда ҳокимиятини сақлаб қолишга умид қилмоқда. Зеленский эса Трампни Россия билан урушда Киевнинг устунлигига ишонтирган ҳолда, Patriot ракеталарини ишлаб чиқариш учун рухсат олди. Россияга қарши АҚШнинг янги санкциялари бўйича ҳам силжиш бор.

28 июл куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва Украина президенти Володимир Зеленский Вашингтонга келишди. Улар эртаси куни АҚШлик таниқли сенатор, марҳум Линдси Грэм билан видолашув маросимида қатнашишди.

Айтиш керакки, Нетаняҳу кейинги беш ойда биринчи марта Трамп билан юзма-юз кўришмоқда. АҚШ ва Исроил шу йилнинг 28 февралида биргаликдан Эронга ҳужум қилишди. Трамп ва Нетаняҳу ушбу ҳужумдан бир неча кун олдин кўришишган эди. Орадан беш ойча вақт ўтиб, уларнинг муносабатлари тўлиқ ўзгаришга учради.

Бошида Трамп Нетаняҳуга тўлиқ ишонди, ва шу ишонч асосида Эронга ҳужум уюштирди. Бироқ Трамп Эрон борасида бирон бир мақсадига эриша олмади. Аксинча, энди Эрон Ҳўрмуз бўғозини назоратига олмоқда. Нефт нархи ошиб кетди. Трампнинг Эронга қарши ҳаракатлари ҳамма томондан “фиаско”га учради.

Табиийки, Эронга ҳужумнинг асосий мафкурачиси – бир неча ўн йиллардирки, Нетаняҳу ва Исроил давлати ҳисобланади. Энди, Трамп “Эрон қопқони”дан қандай чиқишни билмайди, ва шу сабаб Нетаняҳуни ёмон кўриб қолди.

АҚШ – Исроилнинг дунёдаги энг асосий, балки ягона чинакам ҳомийси, ҳимоячиси, иттифоқчиси. АҚШсиз Исроил узоқ яшай олмаслигини ҳамма билади. Гарчи вақти-вақти билан Исроил лидерлари “биз мустақил давлатмиз, АҚШнинг маслаҳатларига мухтож эмасмиз” дея жиззакилик қилишса-да, аслида АҚШсиз Исроил ҳимоясиз давлатга айланиб қолишини расмий Тел-Авив яхши тушунади. Шунинг учун Нетаняҳу олдида Трампни авраш, унга яхши кўриниш, уни манипуляция қилишдан бошқа чора йўқ. Ва Нетаняҳу бу борада бор маҳоратини, сабрини ва имкониятларини ишга солади.

Хабарларга қараганда, Трамп бу сафар ҳам Нетаняҳу билан кўришишга унчалик рўйхушлик бермаган. Нетаняҳу ва унинг лоббиси бир неча кун мобайнида Трампдан қабул қилишларини илтимос қилган. Бу учрашув икки лидер учун ҳам “зарурат” дея талқин қилинган.

Трамп олдида ҳам, Нетаняҳу олдида ҳам муҳим сайловлар турибди. Ноябр ойида АҚШда оралиқ сайловлар. Октябр ойида эса Исроилда парламент сайловлари. Эронга қарши уруш борасида эса мана шу икки сайлов қарама-қарши талқин қилинади. Яъни, Трамп учун қандайдир “мўжиза” керакки, “мана, Эрон устидан ғалаба қозондик” ёки “Эронни шартларимизга кўндирдик!” дея олса. Бироқ Эрон Трампнинг шартларига кўниш ниятида эмас. Нетаняҳу учун эса, Эронга қарши кенг кўламли уруш бўлса, шунинг ўзи етади. Чунки Исроил аҳолиси Эронга қарши урушни ижобий қабул қилиши ва “Ликуд” партиясига овоз бериши мумкин.

Орадан беш ойча вақт ўтиб, Трамп америкаликларга Эрон урушини “сота олмайди”. Бензин нархи ошиб бормоқда, америкаликлар Исроил учун янги урушга тортилишганидан норози. Трамп эса, Эрон муаммосининг асосий сабабчиси сифатида, Нетаняҳуни билади.

Трамп ва Нетаняҳу Оқ уйда бир ярим соатча гаплашишган. Бироқ, одатдагидан фарқли ўлароқ, йиғилишнинг бошланғич қисмига журналистлар киритилмаган. Ҳатто Нетаняҳу АҚШга хавфсизлик чораларини максимал кучайтирган ҳолатда учиб борган.

Нетаняҳу Трампни манипуляция қилиб, Эронга қарши урушни бошлаб олди. Бироқ Трампнинг узоқ муддатли уруш режаси йўқлиги сабаб, Нетаняҳу на Эрон борасида мақсадига эриша олмади, ва ҳатто, энди ўзининг энг асосий иттифоқчиси ҳисобланмиш Трамп билан ҳам муносабатларига зарар етказди. Исроил АҚШ лидерларини ўзига бўйсундириш, манипуляция қилиш ниятидан воз кечмайди. Демак, расмий Тел-Авив Вашингтондаги кейинги лидерларни кузатиш, манипуляция қилиш режаси устида ишлайди.