Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 июль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Қирғизистонга жўнаб кетди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтади. У ерда Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари иштирокида олий даражадаги икки томонлама музокаралар ташкил этилади.

Музокаралар давомида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, энергетика, сув ресурслари, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишлардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Шунингдек, давлат ташрифи доирасида президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбойжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувида ҳам иштирок этади. Ушбу мулоқот минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, энергетика ва ўзаро манфаатли шерикликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлиши кутилмоқда.