Бунақаси олдин кузатилмаганди

Дунёнинг икки асосий футбол ташкилоти ўртасидаги кураш мисли кўрилмаган даражага етди. УЕФА ва унинг таркибидаги 55 та ассоциация жаҳон чемпионати ва бошқа турнирларнинг тижорат масалалари билан шуғулланувчи янги компания улушини хусусий инвесторларга сотиш ғоясидан воз кечилмагунча, ФИФАнинг ҳар қандай турнирларини бойкот қилишини эълон қилди. Бундай якдиллик анчадан бери бўлмаган эди. Илгари фақат таҳдид қилинарди, энди эса бойкот расман кучга кирди.

Бу фақат тўрт йилдан кейин ўтадиган ЖЧ-2030 турнирига тааллуқли эмас. ФИФАнинг энг яқин турнири – 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилиши ҳам сўроқ остида қолди: бу турнир 5-27 сентябр кунлари Полшада ўтказилиши кўзда тутилган, унда Европанинг олтита жамоаси иштирок этиши керак.

Шу билан бирга, ФИФА миллий ассоциацияларга янги лойиҳа бўйича қарор қабул қилиш учун 19 сентябргача муддат берган. Турнир муддат тугашидан икки ҳафта олдин бошланиши ҳисобга олинса, абсурд вазият юзага келади. Агар ФИФА 5 сентябргача чекинмаса, Европа бойкотига чиндан ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Жаҳон футболидаги қўшҳокимлик

ФИФА ва УЕФА ўртасида ўн йиллардан буён ўзаро қарама-қаршилик сақланиб қолмоқда. Қоғозда жаҳон футболининг конструкцияси оддий пирамидага ўхшайди. ФИФА глобал миқёсда ўйин учун масъул бўлиб, умумий қоидаларни белгилайди. Ундан қуйида олтита конфедерация, жумладан, УЕФА, кейин эса миллий федерациялар жойлашган.

Лекин ҳеч кимга сир эмаски, жаҳон футболи маркази Европада. Deloitte ҳисоботига кўра, 2024/25 йиллар мавсумида Европа футбол клубларининг умумий даромади рекорд даражадаги 40,2 миллиард еврога етган. Таққослаш учун – ФИФАнинг охирги жаҳон чемпионатидан олган даромади, ОАВ маълумотларига кўра, 15 миллиард доллардан ошди, аммо бу турнир ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади.

Яъни ҳеч қандай пирамида йўқ – тўғрироғи, футболда қўшҳокимият мавжуд. ФИФА жаҳон чемпионати, глобал мақом ва кўпчилик овозга эга. УЕФА энг бой бозорни назорат қилади, сайёранинг энг кучли клублари, деярли барча энг яхши миллий жамоалар ва кўплаб юлдузлар айнан ушбу ташкилотни ифода этади. Айнан шу омил бир неча ўн йиллардан буён икки ташкилотни бир-бирига қарама-қарши қўйиб келмоқда.

ФИФА конгрессида ҳар бир мамлакат битта овозга эга. Яъни Германиянинг фикри Фижининг фикри билан тенг. Ташкилот 211 та миллий ассоциацияни ўзида жамлаган, шундан фақат 55 таси Европа ассоциацияларидир. Шунинг учун жаҳон футболида ҳокимиятни қўлга киритиш учун УЕФАга эмас, балки Глобал Жанубнинг кўплаб кичик давлатларига таяниш анча фойдалироқдир.

Қарама-қаршилик тарихи

Стэнли Роуз ва Жоао Авеланж.
Фото: Global Look Press

Бу тизим биринчи марта 1974 йилда ФИФА президенти сайловида бразилиялик Жоао Авеланж англиялик Стэнли Роузни мағлуб этганида ўзини тўлиқ намоён этганди. У Африка, Осиё ва Лотин Америкаси мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилган, жаҳон чемпионатини кенгайтиришга, янги конфедерацияларга кўпроқ жой тақдим этишга ва ривожланиш учун пул ажратишга ваъда берганди. Бу эса муваффақият келтирди.

1998 йилда Зепп Блаттер УЕФА президенти Леннарт Юҳанссондан устун келди. Унинг сайловолди кампанияси турли айбловлар, можаролар ҳамда овозлар сотиб олингани ҳақидаги тахминлар билан кечди, аммо якунда у барибир ФИФА раҳбарлигига сайланди. Тўрт йил ўтиб европаликлар Блаттерни ағдариш учун яна бир бор уриниб кўришди, аммо яна ютқазишди. Бунинг барчасига овоз бериш тизими сабаб эди.

2016 йилда эса Жанни Инфантино УЕФАнинг собиқ бош котиби сифатида ҳокимиятга келади. Аввалига Европа ниҳоят жаҳон футболи раҳбарлигига ўз одамини қўйгандек тасаввур пайдо бўлганди. Аммо кўп ўтмай у алоҳида сиёсат юритиши ва кўп масалаларда Европа конфедерациясига қарши бориши маълум бўлди.

2018 йилдаёқ Инфантино 25 миллиард долларлик лойиҳасини тақдим этганди. SoftBank билан боғлиқ инвесторлар гуруҳи клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини кенгайтириш ва глобал Миллатлар лигаси учун пул таклиф қилганди. УЕФА ҳамкорлар кимлигини очиқлашни талаб қилди ва тезда келишув тузишга имкон бермади.

2021 йилда ФИФА жаҳон чемпионатини ҳар икки йилда ўтказиш ғоясини тарғиб қила бошлади. УЕФА президенти Александер Чеферин ўшанда илк марта бойкот ҳақида жиддий гапирганди. Жанубий Америка ҳам Европага қўшилди, қаршилик жуда жиддийлиги аёнлашгач, ушбу лойиҳа тўхтатилди.

Бу муҳим прецедент эди: овозлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга, аммо футболдаги асосий қитъани йўқотиш хавфи туғилганда, ФИФА ортга чекинади.

Фото: Getty Images

ФИФА айнан нимани истамоқда?

Энди ФИФА FIFA Forward Enterprise компаниясини ташкил этишни таклиф қилмоқда. Унга медиа ҳуқуқлари, ҳомийлик шартномалари, чипталар савдоси, лицензиялаш ва турнирларни ташкил этишни топширишмоқчи. Бизнеснинг дастлабки баҳоси 20 миллиард долларни ташкил этади. Унинг 20 фоизгача бўлган қисмини хусусий инвесторларга бериш ва бу орқали 4,2 миллиард долларга яқин маблағ жалб қилиш режалаштирилган.

Бунда ФИФА расмий равишда назоратни ўзида сақлаб қолади. Инвесторлар футбол қоидаларини, жаҳон чемпионати иштирокчилари ёки халқаро тақвимни ўзгартира олишмайди. Улар спорт қисмини бошқариш ҳуқуқисиз миноритар улушга эга бўлади.

Муаммо шундаки, ҳеч ким 4,2 миллиард долларни шунчаки бермайди. Сармоядорларга даромад керак. Демак, янги компания кўпроқ турнирлар ўтказиши, кўпроқ чипталар сотиши, нархларни ошириши, ҳомийлик пакетларини кенгайтириши ва ҳар бир ўйиндан қўшимча фойда олиши керак бўлади.

Потенциал ҳамкорлар учун тақдимотда аллақачон халқаро мусобақалар сони кўпайиши, қимматроқ чипталар, заём капиталини жалб қилиш ва медиа ҳуқуқларини максимал даражада фаоллик билан сотиш ҳақида сўз боради. «Глобал турнирлар» сонини йилига 200 тадан 450 тагача ошириш таклиф этилган.

ФИФА инвесторлар футбол устидан ҳукмронликни қўлга киритмаслигига ишонтирмоқда. УЕФА эса шундай мантиқий савол қўймоқда: агар спортча қарор бир неча миллиардлик улуш эгасига фойдасиз бўлса, нима бўлади?

Техник қўмитада инвесторга жой бермаслик мумкин. Унга жаҳон чемпионати мезбонини танлашни тақиқлаш мумкин. Аммо агар бутун тузилма ҳар йили ўсишни кўрсатиши шарт бўлса, барча қарорлар фойдани оширишга бориб тақалади. Бизнес шундай ишлайди.

Техник қўмитада инвесторга жой берилмаслиги мумкин. Унга жаҳон чемпионати мезбонини танлашни тақиқланиши мумкин. Аммо агар бутун конструкция ҳар йили ўсишни кўрсатиши шарт қилиб қўйилган бўлса, барча қарорлар фойдани оширишга бориб тақалади. Чунки бизнес шундай ишлайди.

ФИФА содиқликни сотиб олмоқчи

Жанни Инфантино. Фото: Getty Images

ФИФА 211 та ассоциациянинг ҳар бирига ривожланиш учун бир марталик тўлов сифатида 20 миллион долларгача тўлашни ваъда қилмоқда. Бу эса айнан юқорида тилга олинган 4,2 миллиард долларга тенг.

Бундан келиб чиқадики, ФИФА инвесторларга келажакдаги даромадларнинг бир қисмини беришни ва олинган маблағларни битимни маъқуллаши керак бўлганлар ўртасида деярли дарҳол тақсимлашни таклиф қилади. Ҳуқуқий жиҳатдан бу ривожланиш дастури сифатида тақдим этилган. Сиёсий жиҳатдан эса ҳаммаси содиқликни сотиб олишни эслатади.

Бундай пул Франция, Англия ва Германия каби жаҳон футболи гигантларини қизиқтириши даргумон. Кичик федерациялар учун эса 20 миллион доллар янги майдонлар, академиялар, мураббийлар дастурлари ва нормал инфратузилмани англатиши мумкин. Бунинг учун улар овозини беришга тайёр. ФИФАнинг сиёсий модели ҳам шунга асосланади.

Бироқ, ҳозир Инфантинонинг одатий иттифоқи ҳам дарз кетди. Осиё футболи раҳбари ўз баёнотида маслаҳатлашувлар йўқлигини «мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат» деб атади ва қарорни кечиктиришга чақирди. КОНКАКАФ эса ФИФА қарорини расман қоралади.

ФИФА чекинадими?

Буёғига нима бўлади? Катта эҳтимол билан, ФИФА барибир ортга тисарилади. Бу сафар Жанни Инфантино ошириб юборди. Бу эпизодгача унинг стратегияси жуда тушунарли ва муваффақиятли эди. Инфантино ташкилот даромадларини тез суръатлар билан оширди, миллий ассоциацияларга тўловларни кўпайтирди, кичик мамлакатларга таянди ва деярли мутлақ ҳокимиятни сақлаб қолди.

Миш-мишларга кўра, швейцариялик мулозим ҳатто ФИФА раҳбарининг лавозим муддатига қўйилган чекловни бекор қилишни ҳам хоҳлайди. Бошқа вариант – Инфантино ўз лавозимини тарк этгач, айнан FIFA Forward Enterprise’ни бошқариши ва амалда жаҳон футболини бошқаришда давом этиши мумкин эди.

Катта эҳтимол билан, Инфантино мағлубиятни тўғридан тўғри тан олмайди, балки маслаҳатлашувларнинг янги босқичини эълон қилади. У яхшиланган моделни, қўшимча кафолатларни таклиф қилади ва футбол бирлиги учун тарихий келишув ҳақида гапиради. УЕФА ва бошқа барча конфедерациялар муҳокамага таклиф этилади. Тижорат бўлинмаси барибир ташкил этилиши мумкин, аммо у тўлиқ ФИФА назорати остида қолади. Инвесторларнинг пулларини эса компания улушини сотмасдан, бошқа йўл билан жалб қилишга ҳаракат қилишади.

Ёшлар, аёллар ёки катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини Европа давлатлари иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу миллиардлаб доллар сармоя киритиши керак бўлган инвесторларни айнитиши тайин.

Жаҳон футболидаги бўлинишни ҳозирча тасаввур қилиш қийин. Бироқ, 2027 йилда бўлиб ўтадиган ФИФА раҳбари сайлови қизиқарли бўлиши тайин. Катта эҳтимол билан, бу лойиҳа орқали Инфантино анчадан бери биринчи марта ўзини хавф остига қўйди ва УЕФА энди Европадан ташқарида ҳам қўллаб-қувватланиши мумкин бўлган кучли рақиб сифатида намоён бўлди.