Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида аҳоли саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган тезкор тадбирда Наманган шаҳрида яшовчи 2003 йилда туғилган шахснинг хонадони кўздан кечирилди.

Текширув жараёнида хонадондаги яширин омборхонадан хорижда ишлаб чиқарилган, аммо тегишли сифат сертификатига эга бўлмаган «Ортофен», «Нейрокс», «Тирозол», «Сиофор» ва бошқа жами 28 турдаги 28 928 дона дори воситалари аниқланди. Улар процессуал тартибда расмийлаштирилиб, олиб қўйилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, мамлакатга ноқонуний йўллар билан олиб кирилган мазкур дори воситаларининг умумий қиймати тахминан 1,4 млрд сўмни ташкил этади.

Ҳозирда ушбу дори воситалари юзасидан экспертиза тайинланган бўлиб, суриштирув ишлари давом этмоқда.

ДХХ фуқаролардан шундай қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришни сўраб, мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланишини кафолатлашини маълум қилди.