Ташриф давомида олий мартабали меҳмонларга марказда тарбияланувчилар учун ташкил этилган маҳорат дарслари тақдим этилди. Биринчи хонимлар болалар билан самимий мулоқот қилиб, уларнинг ижоди ва қобилиятлари билан танишди.

Меҳмонлар шарафига «Шаттик» миллий рақс ансамбли ҳамда ёш комузчилар ансамбли чиқиш қилди. Шунингдек, «Ақилман» иқтидорли болалар президент лицейи тарбияланувчилари томонидан лой ва кигиздан тайёрланган буюмлар кўргазмаси намойиш этилди.

Шундан сўнг биринчи хонимлар марказнинг соҳил ҳудуди ва санъат галереясини кўздан кечирди. Галереяда Қирғизистонда ўтказиладиган болалар ижодиёти бўйича халқаро танловлар ғолиблари, жумладан, ўзбекистонлик ёш рассомларнинг ижод намуналари ҳам тақдим этилди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбойжон халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи ҳисобланган «Дўстлик дарахти» номли кигиз панносига якуний безак элементини тушириш маросими ҳам ўтказилди.

Ташриф якунида Қирғизистон биринчи хоними Айгул Жапарова Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёевага анъанавий қирғиз миллий мусиқа асбоби — чангқўбизни туҳфа қилди.