Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказилган битирув тадбири талабаларнинг норозилигига сабаб бўлди.

“200 минг сўмдан бергандик”

Kun.uz’га мурожаат қилган талабалар тадбирга кира олишмаганини, тадбирда қатнашиш учун пул беришганини маълум қилди.

Талабалар 200 минг сўмдан пул бериб, ташриф буюрганди. На пулимиз қайтарилди, на тадбир ташкил этилди. 70-80 млн сўмга тўй қилса бўлади. Афсуски, ҳаётимизда бир марта бўладиган бакалавр битирув тадбирига пул бериб ҳам киролмай қолдик. Кирганлар ҳам дипломини ололмай қолишди: бўлди, тугади деб чироқларни ўчириб қўйишди”, дейди талабалардан бири.

“Ҳолат назоратга олинган” – вазирлик

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдириб, дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Университет томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, олий таълим муассасасида катта сиғимли концерт зали мавжуд эмаслиги ҳамда ёзги иссиқ об-ҳаво шароити инобатга олиниб, битирув тадбирини ёпиқ бинода ўтказиш мақсадида Касаба уюшмалари федерацияси саройи танланган.

Тадбирни ташкилий жиҳатдан ўтказиш бўйича ташаббус талабалар томонидан билдирилган бўлиб, уни тайёрлаш жараёнларида битирувчилар иштирок этган. Тадбир учун олдиндан иштирокчилар рўйхати шакллантирилган. Бироқ тадбир куни рўйхатда кўрсатилганлардан ташқари қўшимча фуқаролар келгани сабабли залнинг сиғими белгиланган меъёрдан ошиб кетган.

Шу муносабат билан зал маъмурияти хавфсизлик талабларига мувофиқ иштирокчилар сонини чеклаш чораларини кўрган. Шундан сўнг университет раҳбарияти битирувчилар учун университет ҳудудида алоҳида тадбир ташкил этишга қарор қилган. Вилоятлардан келган ота-оналарнинг жойлашуви ҳам таъминланган.

Вазирлик олий таълим муассасаларида талабалардан ҳар қандай кўринишда мажбурий маблағ йиғишга йўл қўйилмаслигини қўшимча қилган. Бундай ҳолат аниқланган тақдирда масъулларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши билдирилган.

“Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган мазкур тадбирни ташкил этиш ва у билан боғлиқ ҳолатлар, жумладан билдирилган эътирозлар хизмат текшируви доирасида ўрганилмоқда. Ўрганиш давомида барча ҳолатларга, шу жумладан ташкилий ва молиявий жиҳатларга ҳуқуқий баҳо берилади.

Вазирлик барча олий таълим муассасалари раҳбарларига талабалар иштирокида ўтказиладиган тадбирларни ташкил этишда хавфсизлик талабларига сўзсиз риоя қилиш, ташкилий жараёнларни пухта режалаштириш, талабалар ва ота-оналар учун ноқулайликлар юзага келишига йўл қўймаслик ҳамда ҳар қандай ташаббусларни амалдаги қонунчилик талаблари асосида амалга ошириш юзасидан қатъий кўрсатмалар берди”, дейилади вазирлик муносабатида.

Қайд этилишича, ҳолат вазирлик назоратига олинган. Хизмат текшируви якунлари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши билдирилган.